Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:38

Москвада ўзбеклар ва арманилар ўртасидаги жанжалда 6 киши жароҳат олди (ВИДЕО)


Оммавий жанжал сурати
Оммавий жанжал сурати

Москвада 1 август куни Ўзбекистон ва Арманистондан келган меҳнат муҳожирлари ўртасидаги оммавий муштлашувда жароҳат олган 6 киши Москва шаҳар касалхоналарига олиб кетилди. Интернет тармоғида эса оммавий жанжал акс этган видео пайдо бўлди.

Москванинг Троицкий ва Новомосковский маъмурий округига қарашли Коммунарка қўрғонидаги “Бунинские луга” турар-жой комплекси қурилишида қурувчилар орасида оммавий жанжал келиб чиқди.

Москва шаҳар ички ишлар бошқармасида Озодлик сўровига Коммунарка қўрғони полиция бўлимига тўқнашув борасидаги хабар кундузги соат 12:40ларда келиб тушганини билдиришди.

Муштлашувда 40 одам қатнашгани, улардан 6 нафари шифохонага ётқизилгани айтилди.

- Ҳодиса жойига етиб келган полиция ходимлари қурилиш объектининг икки бригадаси ўртасида муштлашув содир бўлгани ва жанжал оқибатида 6 киши оғир жароҳатлар билан тиббий муассасаларга келтирилганини аниқлади. Жанжалга Ўзбекистон ва Арманистон ишчилари иштирок этгани аниқланди, деди исмини ошкор қилмаган Сосенское туман полиция бўлими вакили.

Полиция тўқнашувга қурувчилардан бири томдаги ахлатни пастда турган ҳамкасблари устига ташлагани сабаб бўлганини тахмин қилмоқда. Оғзаки тортишувга икки бригада ишчилари қўшилган ва оммавий муштлашув бошланиб кетган.

Қурувчи муҳожирлар бир-бирларини белкураклар, болғалар, босқонлар ва арматуралар воситасида калтаклаган.

“Бунинские луга” комплексида яшовчилар форумида ушбу оммавий муштлашув акс этган видеоёзув пайдо бўлди. Унда 40 яқин ишчиларнинг бир бирларига тош, темир-терсак ва бошқа қурилиш буюмларини отаётганини кўриш мумкин.

(“Бунинские луга” комплексида яшовчилар Форуми видеоси)

Москвадаги Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар конгрессида Озодликка оммавий можаро натижасида бахтли тасодифга кўра ўлганлар йўқлиги, диаспора раҳбарияти Россия арманлари иттифоқи билан мулоқотда бўлиб турганини айтишди.

- Ҳақиқатан, арманлар билан ўзбеклар урушган. Ахлат орқасидан – қимдир мумкин бўлмаган жойга ташлаган экан, ўзбеклар “онангни...” дейишган, арманилар жавоб қайтарган... Хуллас, кейин лопаткалар билан давом эттиришган. Асосийси ўлим бўлгани йўқ. Кеча кечқурун Россия арманлар иттифоқи раҳбари телефон қилган эди, вазиятни биргаликда кузатиб бораяпмиз, деди ўзбеклар конгресси раҳбари Иброҳим Худойбердиев.

Ўзбеклар жамоаси раҳбари ҳозирда жароҳат олганлар орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги, улар Москванинг қайси шифохоналарига жойлаштирилгани аниқлаштирилмоқда, деди.

Озодлик шифохонага олиб кетилган муҳожирларга лат ейиш, юлиниш ва тананинг ички аъзоларига шикаст етказиш ташҳислари қўйилганини аниқлади.

Москва шаҳар полиция бошқармасида Россия Федерацияси жиноят Кодексининг 213 моддаси асосида (“Безорилик”) жиноий иш қўзғатилганини маълум қилишди.

Коммунарка полиция бўлимида Озодликка 1 август кунги бўлган можаро юзасидан ҳозирча ҳеч ким ҳибс этилмагани, аммо тергов олиб борилаётганини билдиришди.

Озодлик Россиядаги бошқа қурилишларда ҳам ўзбек қурувчи-муҳожирлар иштирокида оммавий жанжал-тўполонлар бўлиб ўтгани тўғрисида хабар берган.

Жумладан, жорий йилнинг 15 июн куни Ёқутистон пойтахти Якутск шаҳридаги Автодорожная кўчасидаги “Прометей” турар-жой комплекси қурилишида содир бўлган оммавий муштлашувнинг 110 иштирокчиси полиция томонидан ҳибс этилган эди.

Ленинград вилоятининг Всеволожский тумани Кудрово қишлоғидаги кўп қаватли бино қурилиши майдончасида 27 июнь куни оммавий тартибсизликлар рўй берганди. Полиция жанжалга “оддий маиший келишмовчилик” сабаб бўлганини гапирган.

Россия пойтахтининг марказида қурилаётган “Москва-Сити” бизнес-марказида ишлаётган 50 зиёд меҳнат муҳожири орасида бўлиб ўтган жанжал тўғрисида ҳам хабар берилган эди.

XS
SM
MD
LG