Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Тиллерсон: Россиянинг сайловга аралашуви жиддий ишончсизликка сабаб бўлди


АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон (чапдан олдинда) ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ўнгдан олдинда) 6 август куни Манила шаҳрида учрашди.
АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон (чапдан олдинда) ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ўнгдан олдинда) 6 август куни Манила шаҳрида учрашди.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсонга кўра, Кремлнинг Америка президент сайлови кампаниясига аралашгани икки мамлакат ўртасида “жиддий ишончсизлик”ка сабаб бўлган.

Бу ҳақда Тиллерсон Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Манила шаҳридаги учрашув пайти гапирди:

“Ушбу нохуш воқеа АҚШ ва Россия халқи ўртасидаги муносабатларга қанчалик жиддий зиён етказгани, ишончсизликни келтириб чиқаргани ва биз уни бартараф қилиш йўлларини ахтаришимиз керак”, деган Тиллерсон.

Тиллерсон Кремлнинг санкцияларга жавобан Россиядаги АҚШ дипломатия миссияси ходимлари сонини кескин қисқартираётганига Оқ уйнинг жавоби 1 сентябргача эълон қилинишини айтди.

Тиллерсон Кремль бундай йўл тутганига қарамай, Қўшма Штатлар Россия билан ҳамкорликни давом эттирмоқчи эканлигини айтиб, битта муаммони деб барча алоқаларни узиш “фойдали эмас” деди:

- Гарчи орамизга ўзаро ишончсизлик тўсиқ бўлаётган бўлса-да, биз улар билан ўзимиз учун муҳим бўлган миллий хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилишни истаймиз. Бунинг учун муносабатларимизни дипломатия каналлари орқали амалга оширишимиз керак,- деди Тиллерсон.

Тадбирдан сўнг журналистлар билан учрашган Лавров Вашингтоннинг Россия билан мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини ҳис қилганини айтди:

- Биз америкалик ҳамкасбларимизнинг тайёр эканини ҳис қилдик. Ҳеч нарсага қарамасдан, мулоқот давом этади. Мен мулоқотнинг муқобили йўқ деб ҳисоблайман,- деди Лавров журналистлар билан учрашувда.

3 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп Твиттердаги саҳифасига Вашингтоннинг “Россия билан муносабатлари мисли кўрилмаган паст ва хавфли даражага тушиб кетди”, деб ёзди.

Тиллерсон Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСЕАН) форумида Шимолий Кореяга қарши қабул қилинган БМТнинг янги санкцияларини бажариш ҳолати кузатиб борилишини айтиб, "БМТ қарори Пхеньянга юборилган кучли сигналдир", деди.

Давлат котиби Вашингтон билан Пхеньян ўртасидаги музокаралар имкониятини шимолий кореяликлар учун очиқ қолдираётганини айтди, аммо режим БМТ қарорлари билан тақиқланган ракета синовларини тўхтатиши шарт эканини уқтирди.

XS
SM
MD
LG