Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 12:40

АҚШ: Шимолий Корея билан уруш муқаррар эмас, аммо таҳдид мавжуд


АҚШ президенти Дональд Трамп (ўнгда) миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Р.МакМастер билан

АҚШнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича икки нафар расмийси Шимолий Корея билан ҳарбий можаро муқаррар эмас, деб айтди.

Шу билан бирга улар уруш чиқиб кетиш хавфи мавжудлигини ҳам қайд этди.

Сўнгги ҳафта ичида уруш хавфи ошмади, аммо ўн йил олдинги вақтдан бери ушбу хавф ортди, – деди армия генерал-дейтенанти, президент Доналд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Р. МакМастер 13 август куни.

МакМастернинг Эй-Би-Си телекомпанияси “Ушбу ҳафта” дастурига айтишича, Қўшма Штатлар давлат котиби Рекс Тиллерсон бошчилигида “қатъий дипломатик саъй-ҳаракатлар”ни давом эттирмоқда. Бундан ташқари, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инни иғвогарона хатти-ҳаракатлардан қайтариш учун янги молиявий санкциялар ҳам жорий қилинди.

Пхеньян БМТ қарорига зид равишда қитъалараро баллистик ракета (ҚБР) синовларини ўтказгандан сўнг Трамп билан Ким бир-бирига пўписа қилди.

Трамп АҚШ ҳарбийлари воқеалар ривожига тайёр турганини айтиб, Кимни АҚШ ҳудудлари ва иттифоқчиларига ҳужум қиладиган бўлса, “тез орада афсус чекиши”дан огоҳлантирди.

МРБ директори Майк Помпео “Fox News Sunday” дастурига берган интервьюсида “бугун муқаррар нарсанинг ўзи йўқ”, аммо Шимолий Кореяга АҚШнинг сабр косаси тўлганини билдириб қўйиш муҳимлигидан сўз юритди.

Айни пайтда АҚШнинг Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раиси, генерал Жозеф Данфолд Осиёга сафар қилмоқда ва унинг Жанубий Корея, Япония ва Хитой раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.

Данфолднинг журналистларга маълум қилишича, у “минтақадаги ҳароратни ҳис қилиш” ҳамда “дипломатик ва иқтисодий босимлар” иш бермайдиган бўлса, ҳарбий чоралар кўриш масаласини муҳокама қилиш ниятида.

Биз ушбу вазиятдан урушсиз чиқиб кетиш йўлларини қидиряпмиз, – деди Данфолд.

Унинг Осиё қитъасига сафари Шимолий Кореянинг “Минжу Чосон” газетасида Пхеньян армияси “АҚШ истайдиган ҳар қандай урушга тайёр” экани билдирилган бош мақола чоп этилгандан сўнг бўлиб ўтмоқда.

XS
SM
MD
LG