Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:29

Эмил Узакбаев: Абдулла Арипов ҳамкасбини қўллаш учун Қирғизистонга келаяпти


Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги 16-йиғилиши 15 август куни бош вазирлари даражасида Иссиқкўлда ўтказилиши кутилмоқда. Қирғиз сиёсатчилари Абдулла Ариповнинг мазкур ташрифини президентлик сайлови арафасида қирғиз ҳамкасби Сўўрўнбай Жээнбековга сиёсий қўллов кўрсатиш қадами сифатида баҳоламоқда.

Эмил Узакбаев: Абдулла Арипов ҳамкасбини қўллаш учун Қирғизистонга келаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматининг билдиришича, Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрида 15-17 август куни чегараларни аниқлаш бўйича ўтадиган ҳукуматлараро комиссия йиғилишига келадиган Ўзбекистон делегациясига бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади.

Расмий баёнотда мазкур учрашувда чегараларни аниқлаш жараёни муҳокама қилиниши таъкидланган бўлса-да, қирғизистонлик сиёсатшунослар ва сиёсатчилар бу учрашувни мамлакатда 15 октябрда ўтадиган президентлик сайлови билан боғламоқдалар.

- Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг Қирғизистонга ташриф қилиши ижобий ҳолат. Мен Ўзбекистонни ичидан биладиган одам қаторида айтишим мумкинки, бу мамлакатда бош вазир ташқи сиёсатга алоқадор эмас. Уларнинг ташқи сиёсатини президент аниқлайди. Демак, Абдулла Арипов президентнинг топшириғи билан Қирғизистонга келаяпти. Эртага Қирғизистонда ким президент бўлади, ким бош вазир бўлади, деган савол Ўзбекистонни ҳам ўйлантирмай қўймайди. Шунинг учун ўзбек ҳукумати раҳбари Қирғизистоннинг амалдаги бош вазирига президентлик учун кураш жараёнида сиёсий қўлов кўрсатиш учун келмоқда, деган фикрларда жон бор деб ҳисоблайман, -деди Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмил Узакбаев.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистон бош вазири Сўўрўнбай Жээнбеков номзоди Социал-демократлар партияси томонидан президентликка кўрсатилган эди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Талант Кушчубеков ҳам Абдулла Арипов бўлғуси президентлик сайловларида қирғизистонлик ҳамкасбининг президентликка сайланиб қолиш имкониятларини сезиб кўриш учун ташриф қилмоқда, деган фикрларга қўшилади. Шу билан бир қаторда у сўнгги бир йил ичида икки давлат ўртасида чегара масалаларини аниқлашда олға силжишлар бўлгани қувонарли ҳолат эканини таъкидлади.

-Чегара жуда оғир масала. Бу муаммо яқин вақтда ҳал этилади, деган фикрдан олисман. Аммо Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати бу муаммони ҳал қилиш учун сиёсий эрклари етарли эканини сўнгги вақтларда намойиш этмоқда. Масалан, авваллари ҳукуматлараро комиссия йилда бир марта учрашса, ҳозир бир ойда бир марта учрашаяпти. Чегара масаласини йўқ деганда беш йилда ҳал этиб олсак, Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам катта ютуққа эришган бўлади, -деди Талант Кушчубеков.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия 2016 йилнинг декабридан то шу кунгача 15 маротаба учрашиб, музокаралар ўтказди. Бундан аввалги музокаралар Наманганда 5 августда бошланиб, 13 августда якунланган эди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегараси 1378 километрни ташкил қилади. Мазкур ҳудуднинг 320 километри кўплаб баҳсли ҳудудлар мавжудлиги туфайли шу кунгача аниқланмаган.

XS
SM
MD
LG