Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:18

Ўнлаб маданият арбоби Серебренниковни ёқлаб Россия ҳукуматига хат ёзди


Россиялик театр ва кино режиссёри Кирилл Серебренников.
Россиялик театр ва кино режиссёри Кирилл Серебренников.

Турли мамлакатларнинг 30 дан ошиқ маданият арбоби Россия ҳукуматига хат йўллади. Улар машҳур театр ва кино режиссёри Кирилл Серебренниковга нисбатан бошланган терговни бекор қилишни сўрамоқда.

Немис театр режиссёри Томас Остермайер, режиссёр ва сценарийнавис Мариус фон Майенберг ўтган ҳафтада қаллобликда айбланиб, уй қамоғига ҳукм қилинган Серебренников номидан Россия ҳукуматига мурожаатнома ёзди.

Серебренников айбсиз эканини айтмоқда. Кремль сиёсати танқидчилари бу ҳолни 2018 йил март ойида бўлиб ўтадиган президент сайловидан олдин ўзгача фикрловчиларнинг овозини ўчириш учун тайёргарлик сифатида баҳоламоқда.

Немис маданият арбоблари ўз ҳукуматини Серебренниковнинг “сиёсий ўйинлар қурбони бўлиши ва қамалиши” олдини олишга даъват қилди.

Мурожаатномага австралиялик актриса Кейт Бланшетт, германиялик актриса Нина Ҳосс ва кинорежиссёр Фолкер Шлоёндорфф қўл қўйган.

23 август куни Москва шаҳар суди Серебренниковни эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғига ҳукм қилди. Энди у суриштирув ва суд мажлислари тугагунча ҳеч қаёққа кета олмайди. Режиссёрга давлат бюджетидан бир лойиҳа учун ажратилган йирик митқдордаги маблағни ўзлаштирганлик айби қўйилмоқда.

22 август куни Санкт-Петербург шаҳрида ҳибсга олинган 47 яшар режиссёр айбловларни “мутлақо бемаъни ва қуюшқонга сиғмайдиган иш” деб атади.

Агар суд уни айбдор деб топса, 10 йилга кесилиши мумкин.

Иш юзасидан суд тинглови вақтида унинг биноси ёнига режиссёрнинг юзлаб тарафдорлари келди, кўплаб рус санъаткорлари Серебренников ҳимоясига отланди.

Путин ҳукуматига норозилик билдирган ва зиддиятли асарларни саҳналаштирган Серебренников айни пайтда Москва шаҳридаги Гоголь марказининг бадиий раҳбаридир. У “Еттинчи студия” драма жамоасига асос солган.

У Кремль юритаётган сиёсат бошдан-оёқ ёлғон ва коррупцияга асосланганини, амалдаги президент Путин ҳукмронлиги даврида ҳокимият кескин консерватизмга юз тутганини танқид қилиб келади.

Терговчиларенинг иддао қилишича, режиссёр Россия маданият вазирлиги 2011-2014 йилларда “Платформа” лойиҳасига ажратган 68 миллион рубллик (1,1 миллион АҚШ доллари) маблағни талон-тарож қилган.

Мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг фикрига кўра, Серебренников устидан жиноят иш қўзғатилиши ҳукуматнинг ўз сиёсати билан келишмаётган маданият арбобларига йўллаган огоҳлантиришидир. Бу билан уларга 2018 йил март ойида бўлиб ўтадиган президент сайловида яна Путиннинг номзоди қўйилишига қаршилик қилмасликлари кераклигига шама қилинмоқда.

Серебренниковга нисбатан иш қўзғатилишига қарши арбоблар орасида Путиннинг дастлабки икки президентлик муддатида Молия вазири бўлиб ишлаган Алексей Кудрин, путинпараст телебошловчи Владимир Соловьёв ҳам бор.

XS
SM
MD
LG