Линклар

Чуй вилоятининг Жайил туманида 29 август куни эрталаб Миллий хавфсизлик қўмитаси ўтказган махсус амалиёт пайтида террорчиликда гумонланган икки шахс отиб ўлдирилди, бир гумонланувчи яраланди.

Миллий хавфсизлик хизматининг билдиришича, 24 август куни Бишкекда “Ниссан Пресаж” автомашинасини йўл патруль милицияси тўхтатишга ҳаракат қилган. Бироқ машинада ўтирган одамлар милиционерларга тўппонча ва граната билан таҳдид қилиб, қочиб кетишга муваффақ бўлган.

Махсус хизмат томонидан тарқатилган расмий билдирувда таъкидланишича, бу воқеа юзасидан ўтказилган текширувда қуролли гуруҳ 31 август куни нишонланадиган мустақиллик кунида Бишкекда ва Чуй вилоятида террор ҳаракатларини содир этишга тайёрланаётганлари тўғрисида маълумотлар аниқланган.

Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулаймановга кўра, 28 август куни террорчи гуруҳга аъзоликда гумонланган бир одам қўлга олинган ва унинг машинасидан қурол ҳамда ўқ-дорилар топилган. Бунинг ортидан 29 август куни террорчи гуруҳга аъзоликда гумонланганларнинг изи Жайил туманидан топилган.

Махсус амалиёт пайтида гумонланувчилар қуролли қаршилик кўрсатган. Махсус хизмат ходимлари отишма пайтида террорчиликда гумонланаётганларнинг икки нафарини отиб ўлдирган, бир нафарини яралаган.

- Махусус амалиёт пайтида террор гуруҳи аъзоларига таслим бўлиш таклиф қилинди. Бироқ улар таслим бўлмай, ўқ ота бошлади. Шундан сўнг Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам уларга қарата ўқ отиб, террорчи гуруҳнинг 2 аъзосини ўлдирди, бир аъзосини яралади. Амалиёт пайтида махсус хизмат ходимлари жабрланмади, -деди Рахат Сулайманов.

Расмийнинг билдиришича, террорчиликда гумонланаётганларга кўмак кўрсатганликда айбланиб 57 ва 32 ёшдаги икки одам ҳам қўлга олинган.

Бу воқеага қадар август ойи бошларида Миллий хавфсизлик хизмати Қирғизистон ҳудудида террорчиликда гумонланган 6 киши қўлга олинганини билдирган эди.

Бишкекдаги “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова эса бу каби махсус амалиётлар пайтида гумонланувчиларнинг жисмонан йўқ қилинишини халқаро меъёрларга зид кўриниш сифатида баҳолади.

-Махсус хизматлар бу каби амалиётларни тайёрлаётган пайтида битта мақсадни –террорчиларни йўқ қилишни кўзлайди. Биз ҳар доим талаб қилиб келамиз, террорчиликда гумонланиб йўқ қилинган одамнинг террорчиликка қандай алоқаси бўлганини, унинг террорчи эканини қайси суд, қайси тергов анилқаб берди, деб. Икки ёки тўрт кишини отиб ўлдириб, булар террорчилар эди, деб айтишаяпти, -деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон махсус хизматлари эса бу каби амалиётларда йўқ қилинган шахсларнинг террорчи эканига ишонилишини айтиб келади.

Миллий хавфсизлик хизмати террорчиларни йўқ қилиш амалиёти ўтказилгани ортидан байрам кунлари аҳолини огоҳликка чақирмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, бугунги кунда Суриядаги жанггари гуруҳлар сафларида 500 қирғизистоник жанг қилмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG