Линклар

Рамзан Қодиров Мьянмадаги мусулмонлар масаласида Путин сиёсатига қарши чиқди


Грознийда ўтган митингга келган одамлар.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров 4 сентябрь куни президент Владимир Путиннинг Мьянмадаги мусулмонларга нисбатан сиёсатига қарши эканини билдирди.

Қодиров ўз Инстаграм саҳифасида ўтказган жонли эфир пайтида Россия Мьямадаги “шайтонларни қўллашда давом этса Москвага қарши чиқиши”ни айтди.

4 сентябрь куни Чеченистон пойтахти Грознийда, Ички ишлар вазирлигига кўра, бир миллионга яқин одам Мьянмада мусулмонларга қарши ҳарбий амалиётлар тўхтатилиши талаби билан митингга чиқди.

Миттингда сўзлаган рамзан Қодиров халқаро ҳамжамиятдан Мьянмадаги воқеаларни тергов қилишни талаб қилди ҳамда Мьянма ҳукумати ҳаракатларини "ҳарбий жиноят" деб атади.

Якшанба куни Мьянманинг Москвадаги элчихонаси олдида 800га яқин мусулмон норозилик намойиши ўтказган эди. Бундай митинг якшанба куни Доғистонда ҳам бўлиб ўтган.

Москва 2017 йилнинг мартида БМТ Хавфсизлик кенгашининг Мьянмадаги мусулмонларга кўмак кўрсатиш тўғрисидаги резолюциясига вето қўйган эди.

Мьянмадаги зўравонликлар оқибатида 73 мингга яқин Роҳинжа мусулмонлари мамлакатни тарк этиб, қўшни Бангладешга қочиб ўтди. Бу ҳақда 3 сентябр куни БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги маълум қилди.

Роҳинжа мусулмонлари ва Мьянма ҳукумати зўравонликлар бошланиб кетишида бир-бирларини айбламоқдалар. Ҳукумат асосий қисми жанггарилар бўлган 400 мусулмон ўлдирилганини билдирмоқда.

Қочқинлар ҳарбийлар ва бутпарастлар Рохинжа вилоятига ҳужум қилганларини ва тинч аҳолини қиришни бошлаганларини айтмоқдалар.

Маълумотларга қараганда, можаро 25 август куни Роҳинжа қўзғолончилари полиция идорасига ҳужум қилгандан сўнг авж олиб кетган.

XS
SM
MD
LG