Линклар

Лондондаги теракт учун маъсулиятни ИШИД зиммасига олди, полиция 18 яшар йигитни ушлади


Лондон метросида жароҳатланган аёл

15 сентябрь куни Лондон метросида амалга оширилган портлаш ортидан Британияда террор хавфи даражаси энг юқори даражага кўтарилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Тереза Мэй билдирди.

- Мавжуд маълумотларга таяниб, террор хавфи даражасини белгиловчи мустақил ташкилот бўлмиш Терроризмни таҳлил қилиш қўшма маркази хавф даражасини “жиддий”дан “энг юқори”га кўтаришга қарор қилди. Бу мамлакатда яна ҳужум амалга оширилиши мумкинлигини англатади,- деди Тереза Мэй.

Parsons Green станциясида юз берган портлаш туфайли 29 одам жароҳатланган.

“Ислом давлати” террор гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди, аммо Лондон шаҳар полицияси бу иддаони ҳали тасдиқлаб бўлмаслигини билдирди.

Полиция тарқатган маълумотларга кўра, жума куни эрталаб метро поезди вагонларидан бирида қолдирилган қўлбола портлаш мосламаси муваффақиятли равишда портламаган, натижада ёнғин бошланган.

Мослама портловчи модда ва мих билан тўлдирилган челакдан иборат бўлган.

Полиция ҳодисани террор ҳужуми ўлароқ кўриб чиқмоқда.

Бош вазир Мэй айрим “ҳимояланган жойлардаги” полиция ходимлари ўрнини ҳарбийлар эгаллаганини, Лондон метроси станциялари ва кўчаларига 1000 нафар қўшимча полиция зобити сафарбар қилинишини айтди.

Полициянинг билдиришича, жароҳатланганлар орасида станциядан оломон қоча бошлаган пайтда жароҳат олганлар ҳамда танаси куйганлар бор. Аммо жароҳат олганларнинг бирортаси ҳам оғир аҳволда эмас.

Сўнгги хабарларга кўра, полиция портлаш юзасидан ўтказаётган тергов доирасида 18 ёшли йигитни қўлга олган.

Аввалроқ полиция унинг кимлигини кузатиш камералари ёрдамида аниқлагани ҳақида хабар қилинган эди.

Гумонланувчи 16 сентябрь куни Довер шаҳрида ушланган.

Аксилтерроризм амалиётлари бўйича миллий координатор Нейл Басу: “Бу силжишдан мамнунмиз, лекин тергов давом этади. Хавф даражаси эса юқорилигича қолмоқда”, деди.

Расмийлар бундан бошқа маълумот бермади. Бошқа гумонланувчилар ҳам бор ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Parsons Green станцияси 16 сентябрь куни қайта очилди. Аммо террор хавфи даражаси ўзгартирилмади.

15 сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Британия халқига ҳамдардлик билдирди:

- Бугун кучли террор ҳужумини бошдан кечирган Лондон халқига айтмоқчиманки, биз сизлар билан руҳан биргамиз ва сиз учун дуо қиламиз. Мен ажойиб аёл, Британия бош вазири Тереза Мэй билан эрталаб суҳбатлашдим ҳамда Америка чуқур ҳамдардлик билидиришини, шунингдек, сайёрамиздан террорчиларни – радикал илсомий террорчиларни – йўқ қилишга қилган аҳдимиз мутлақ эканлигини айтдим. Уларни йўқ қиламиз, менга ишонаверинг,- деди президент Трамп.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG