Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:23

Чех ширкати Қирғизистонда ГЭС қуришга пули йўқлигини очиқ тан олди


Liglass Trading раҳбарлари Михаэл Смелик (ўнгда) ва Йиржи Войтековски Бишкекдаги матбуот анжуманида. 2017 йил, 18 сентябрь.

Қирғизистон ҳукумати 18 сентябрь куни ўтган шошилинч йиғилишда Чехиянинг Liglass Traiding ширкати билан ГЭСлар қурилиши бўйича жорий йил 28 июлида имзоланган шартномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Чех ширкати Қирғизистонда ГЭС қуришга пули йўқлигини очиқ тан олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

18 сентябрь куни Liglass Traiding ширкати раҳбарлари Бишкекда матбуот анжумани ўтказиб, 19 сентябргача Россиянинг "РусГидро" ширкатига ваъда қилинган 37 миллион долларни тўлай олмаслигини маълум қилди.

-Бу масалада сизларга аниқ бирон нарса айта олмаймиз. Бироқ жараён давом этаяпти. Бу ишни биз тўхтатганимиз йўқ, -деди ширкатнинг Марказий Осиё дастури раҳбари Йиржи Войтековски.

Қирғизистон ҳукумати Liglass Traiding билан шартномани 28 июлда тантанали равишда президент Алмазбек Атамбаев иштирокида имзолаган эди.

Ўшанда ширкат Қирғизистонда лойиҳавий қиймати 500 миллион доллардан кўпроққа баҳоланган Норин ГЭС каскадлари ва кичик ГЭСларни қуришни ўз зиммасига олган.

Мазкур ГЭСларни 2009 йилда Москва билан имзоланган шартномага мувофиқ Русгидро ширкати қуриши лозим эди. Бироқ ўтган йили Россия иқтисодий инқироз ортидан бу ГЭСни қуриш мажбуриятидан воз кечган, шундан сўнг қирғиз ҳукумати Кремль билан бу борада имзоланган барча шартномаларни бекор қилган эди.

Россиянинг "РусГидро" ширкати Норин ГЭС каскади қурилишининг тайёргарлик босқичида 37 миллион доллар маблағ сарфлаганини иддао қилиб, бу қарзни Қирғизистондан тўлашни талаб қилиб келган. Liglass Traiding мазкур қарзни бир ой ичида тўлашни ўз зиммасига олган эди.

18 сентябрда ўтган матбуот анжуманида Liglass Traiding раҳбари Михаэл Смелик ширкат молиявий инқирозга юз тутганида қирғизистонлик фаол Эдил Байсалов, сиёсатчи Феликс Кулов ва собиқ бош вазир Темир Сариевни айблади.

-Эдил Байсалов, Феликс Кулов ва Темир Сариев ширкатимиз тўғрисида шубҳали маълумотларни тарқатгани оқибатида 2 августда Лондондаги Брекли халқаро банки бизни молиялашдан бош тортди. Михаэл Смеликнинг “Юникредитбанк”даги 40дан ортиқ ҳисоби ёпилиб, текширув ўтказилаяпти. Ҳозир телефонга ҳам 50 евро тўлай олмай қолдик, -деган Смелик Эдил Байсаловни ёлғон маълумотларни тарқатганликда айблаб судга беришини айтди.

Эдил Байсалов эса Liglass Trading ширкатини яна бир бор товламачиликда айблади:

-Бу ширкатнинг президент Алмазбек Атамбаев иштирокида имзоланган шартномадан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Ширкат Қирғизистонда жуда катта шартномага эришганини шов-шув қилиш орқали бизнинг бойликларимизни банкларга гаровга қўйиб, юз миллионлик бойликка эга бўлишни истаган холос. Биз Қирғизистонни катта товламачилик қурбони бўлишдан сақлаб қолдик, -деди Эдил Байсалов.

18 сентябрь куни кечга яқин Қирғизистон ҳукумати шошилинч йиғилиш ўтказиб, унда Liglass Trading билан тузилган шартномани бекор қилиш жараёнини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Liglass Trading Қирғизистон ҳукумати билан ярим миллиард долларлик шартномага эришгани ортидан чех журналистлари журналистик суриштирув ўтказиб, Чехияда ҳам, жаҳонда ҳам ҳеч кимга маълум бўлмаган мазкур ширкат банкрот экани ҳамда ГЭСларни қуриш салоҳиятига эга эмаслигини ёзиб чиққан эдилар.

Бироқ шу кунгача ширкат бу маълумотларни инкор қилиб келмоқда.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG