Линклар

Ўзбек олими Россияда илк бор рангли пахта навини яратди (ВИДЕО)


Профессор Ойбек Кимсанбоев ва рангли пахта

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ойбек Кимсанбоев, Россия иқлими шароитида дунёда илк бор рангли пахта навини яратишга муваффақ бўлганини айтади.

Ойбек Кимсанбоевнинг Озодликка маълум қилишича, Россияда 5 йил давомида лабаратория ва дала шароитларида олиб борган тадқиқотлари натижасида фоксфайбер (сариқ), қумранг, хакки (оч яшил) ва яшил рангли пахта навларини яратган.

У сўзининг исботи сифатида ўзи яратган рангли пахта навларининг видео тасвирларини Озодликка тақдим қилди.

Тадқиқотлар профессор Ойбек Кимсанбоев бошчилигидаги Волгоград Давлат аграр университети олимлари томонидан университет қошидаги пахта генентикаси, селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот марказида олиб борилган.

43 яшар Ойбек Кимсанбоевнинг айтишича, илк бор рангли пахтани Россия иқлимига мос дала шароитида 2017 йилда етиштиришга муваффақ бўлган.

Икки йил муқаддам Ойбек Кимсанбоев бошчилигидаги Волгоград Давлат Аграр Университети олимлари совуқ шимолий иқлимга махсус мослаштирилган пахта навини етиштирган эди.

Рангли пахта фойдаси?

Ойбек Кимсанбоев етиштирган рангли пахта
Ойбек Кимсанбоев етиштирган рангли пахта

Ойбек Кимсанбоевнинг билдиришича, рангли пахтанинг яратилгани яқин келажакда юқори сифатли пахта толасини етиштириш имконини яратади.

-Бу эса, биринчидан, органик пахта сегментида бозор талабларига тўғри келадиган хом ашё яратиш имконини беради. Иккинчидан, бу кашфиёт дунёда табиий селекция асосида “умные ткани” (“ақлли матолар”) ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга имконият беради, – деди Ойбек Кимсанбоев.

Унинг ишонишича, рангли пахтанинг яратилиши саноатда ишлатилувчи пахта маҳсулотлари таннархини туширишга хизмат қилалди.

-Мисол учун, ишлаб чиқаришда пахтани бўяш учун бир квадрат метрга 2 доллар сарфланади. Бу харажат фақат кимёвий бўёқни ҳисоблаганда. Бу ерда мен сувни, электр энергияни, хом ашёни тайёрлаш жараёнидаги бошқа харажатларниҳисоблаётганим йўқ, – дейди Ойбек Кимсанбоев.

Ўзбекистонлик олим унинг кашфиёти, шунингдек, пахтага асосланган бошқа ишлаб чиқариш соҳалари, жумладан енгил саноат, тиббиёт ва ҳарбий саноатга катта манфаат келтиришига ишонишини айтди.

Селекционер олим

Ойбек Кимсанбоев Тошкент давлат аграр университетини 1995 йилда тугатган.

1998 йил фан номзоди, 2008 йилдадокторлик илмий даражасига эришган.

Ўзбекистонлик олим 2013 йилдан буён Волгоград Давлат аграр университетида профессор лавозимида илмий изланишлар олиб боради.

Россия пахта хомашёси ишлаб чиқарувчимамлакат ҳисобланмайди.

Ўзбек олимининг кашфиёти келажакда Россиянинг пахта етиштирувчи мамлакатлар қаторига кириш уринишларига ёрдам бериши мумкин.

XS
SM
MD
LG