Линклар

Facebook Конгрессга Россиянинг АҚШ президентлик сайловига аралашганига доир 3 мингта сиёсий рекламани тақдим этади


Facebook асосчиси Марк Цукерберг.

Facebook АҚШ Конгрессининг президентлик сайловига Москва аралашгани юзасидан тергов олиб бораётган қўмитасига Россиядан туриб ижтимоий тармоққа жойлаштирилган 3 мингдан ортиқ сиёсий реклама тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

Бу ҳақда Facebook асосчиси Марк Цукерберг 21 сентябрь куни ижтимоий тармоқда ўтказган жонли эфир пайтида маълум қилди. Марк Цукербергнинг айтишича, 2016 йилдаги АҚШ президентлигига сайлов пайтида Facebook тармоғига жойлаштирилган мазкур 3 мингдан ортиқ сиёсий рекламада америкалик сайловчилар орасида бўлиниш пайдо қилган ирқий муаммолар, қуролларни назорат қилиш, иммиграция масалалар кўтарилган.

Facebook бу рекламалар Кремлга яқин бўлган Россиянинг “Интернет тадқиқотлар агентлиги” томонидан жойлаштирилганини билдирмоқда.

Facebook тармоғининг бош юристи Колин Стретч ижтимоий тармоқ АҚШдаги сайловлар даҳлсизлигини сақлаб қолиш мақсадида мана шундай қадамга бораётганини маълум қилди.

Марк Цукерберг бундан буён сайловлар даҳлсизлигига таҳдиднинг олдини олиш мақсадида Facebook мутахасислари ўз мустақил терговини олиб бораётганини ҳам айтди.

Марк Цукерберг ширкат хавфсизлик учун сармоялар миқдорини ва сиёсий рекламанинг холислигини текширувчи ходимлар штатини кўпайтириш ниятида эканини билдирди.

XS
SM
MD
LG