Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2021, Тошкент вақти: 10:06

Эрон АҚШ огоҳлантирувига қарамай баллистик ракета синовини ўтказди


Эрон расмийлари янги баллистик ракетани муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилди. АҚШ маъмурияти расмий Теҳронни ядро қуроли бўйича тузилган кўп томонлама битимдан чиқиши мумкинлиги хусусида огоҳлантирган эди.

IRIB давлат телерадиокомпанияси “Хуррамшаҳр” ракетаси синовига оид видеолавҳани намойиш этди. Ушбу видео илк марта Теҳрон шаҳрида 22 сентябрь куни бўлган ўтган дабдабали ҳарбий парад чоғида кўрсатилган эди.

Телерадиокомпания 23 сентбярь куни эфирга узатган видеолавҳада айтилишича, “бу Эроннинг 2000 км радиусни қамраб олувчи учинчи ракетасидир”.

Давлат телевидениеси синов қачон ўтказилганини айтмади, лекин Эрон расмийлари 22 сентябрда у “тез орада” синовдан ўтказилади, деб баёнот берган эди.

Ракета синовдан ўтказилгани ХХ асрнинг 80-йилларида Ироқ билан Эрон ўртасидаги урушга бағишланган ҳарбий парад чоғида ошкор қилинди.

Президент Ҳасан Руҳоний парад вақтида Теҳрон ракета дастурини ва мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини кучайтиришни давом эттиришини айтди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса Эрондан “хавфли ракеталар”ни такомиллаштиришни бас қилишни талаб қилмоқда.

У 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеясидаги маърузасида Эронни террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблаб, Теҳрон ҳукуматини “коррупциялашган диктатура” деб атади.

Шунингдек, у БМТга аъзо бошқа мамлакатларни Эронга қарши қаттиқроқ позицияда туришга даъват этди ҳамда “биз қотил режимнинг ушбу хавфли ракеталар ишлаб чиқаришга қаратилган беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатларига бефарқ қараб тура олмаймиз”, деди.

Трамп маърузасида Эроннинг олти етакчи мамлакат, жумладан, Қўшма Штатлар билан 2015 йили имзолаган ядро дастури бўйича битимига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, Вашингтон “ядро дастурига пана бўлиб хизмат қиладиган битимга риоя қила олмайди”.

Руҳоний 20 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеясидаги маърузасида Трампнинг фикрларига жавоб қайтарди ҳамда унинг нутқи “нодонларча, бемаъни ва нафрат оҳанги”да бўлганини айтди. У Эрон ҳеч қачон биринчи бўлиб ядро дастурига оид битимни бузмаслиги ҳақида баёнот берди.

Трамп Эрон билан эришилган ядро дастурига оид битим талабларини бажаришга оид қарор қабул қилгани ёки қилмагани аниқ эмас. Ўша битимга кўра, Эрон халқаро санкциялар бекор қилиниши ҳисобига ядро дастурини тўхтатишга рози бўлган эди.

Трамп маъмурияти икки марта Эрон ядро дастурига оид битим талабларини бажараётганини тасдиқлади. Шу билан бирга Теҳроннинг ракета синовлари дастури ядро қуроли бўйича битим руҳига зид эканини билдирди.

Вашингтон энди 15 октябрь куни Эрон ҳали ҳам ўша битим талабларини бажараётгани ёки бажармаётганини эълон қилиши керак.

Эрон билан битимни яна Россия, Хитой, Британия, Франция ва Германия имзолаган.

Вашингтон Эроннинг ракета синовлари БМТ қарорига зид эканини айтиб, ушбу мамлакатга қарши бир томонлама санкциялар жорий қилди. Ушбу халқаро ташкилот 2015 йили ядро дастури бўйича битимни маъқуллаган ва Эронни ядро қуроли ташиши мумкин бўлган ракеталарни ишлаб чиқармасликка чақирган эди.

Теҳрон БМТ қарорида ракеталар ҳақида ҳеч нарса дейилмаганини ва улар ядро қуроли ташишга мўлжалланмаганини пеш қилмоқда.

XS
SM
MD
LG