Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:08

Озодликнинг Озарбайжондаги мухбири "Муқобил Нобель мукофоти" билан тақдирланди


Хадича Исмоилова
Хадича Исмоилова

Озодлик радиосининг Озарбайжондаги журналисти Хадича Исмоилова ҳамда адолат учун курашган уч ҳуқуқшунос “Тўғри турмуш тарзи” (инглизча The Right Livelihood Award) мукофоти билан тақдирланди. Ушбу мукофот баъзан “альтернатив Нобель мукофоти” деб ҳам аталади.

Президент Илҳом Алиев ҳукуматидаги порахўрликни фош қилиш билан шуғулланиб келаётган Исмоилова Стокгольмдаги “Тўғри турмуш тарзи жамғармаси” мукофоти билан тақдирланган илк озарбайжонликдир.

Жамғарма Исмоиловани “ҳукуматнинг энг юқори табақаларидаги коррупцияни фош қилишда кўрсатган жасорати ва қатъийлиги” учун олқишлади.

Ҳабашистонлик кўзи ожиз фаол Этнеберш Нигусси эса ногиронларнинг ҳуқуқларини тарғиб қилгани учун жамғарма мукофоти билан тақдирланди.

Ҳиндистонлик адвокат Колин Гонсалвес эса Ҳиндистоннинг озчил гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлига қўйган қадамлари учун тақдирланди.

Гонсалвес 2001 йилда Ҳиндистон Олий суди барча мактаб ўқувчиларига бепул тушлик бериш бўйича қарор чиқаришига эришган.

Исмоилова, Нигусси ҳамда Гонсалвес ҳар бири 3 миллион крона (374 минг доллар) мукофот олади.

Атроф-муҳитни сақлаш йўлида курашувчи ақшлик адвокат Роберт Билотт эса фахрий мукофот билан тақдирланди. Яъни, унга пул мукофоти берилмайди.

Биллот ичимлик суви заҳарланган 70 минг Ғарбий Виргиния штати турғуни қизиқишларини судда ҳимоя қилган.

Бу йилги “Тўғри турмуш тарзи” мукофоти учун 51 мамлакатдан 102 номзод қараб чиқилган. Совриндорларни табриклаш маросими 1 декабрь кунига белгиланди.

Ҳар йили берилдагин “Тўғри турмуш тарзи” мукофоти 1980 йил жорий қилинган. Филантроп Якоб фон Юкскулл ушбу мукофотга Нобель мукофотлари назаридан четда қолганлар ҳаракатларини тақдирлаш учун асос солган.

XS
SM
MD
LG