Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:31

"Украинада қурол-аслаҳа омборида бўлган портлаш қўпорувчиларнинг иши"


Украинада қурол-аслаҳа омборида ёнғин чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00

Украинада қурол-аслаҳа омборида ёнғин чиқди

Украина бош прокурори Юрий Луценко баёнот бериб, айни чоқда терговчилар Марказий Украинада рўй берган оммавий портлаш ва ёнғин қўпорувчиларнинг иши экани ҳақидаги тахмин устида иш олиб бораётганини айтди. Унга кўра, қўпорувчилар бунинг учун детонатор – портлатгич моддадан фойдаланган бўлиши мумкин.

Луценко 29 сентябрь куни “Интер” телеканалига берган интервьюсида терговчилар Винница вилоятининг Калинивка шаҳри яқинидаги қурол-аслаҳа омборидаги портлашга дрон – ердан бошқариладиган учоқ сабаб бўлганига ишонмаётганини маълум қилди.

Калинивкада учувчисиз ҳаво қурилмаси портлашга сабаб бўлганига ҳеч қандай исботимиз йўқ, лекин детонатор қўлланганига барча далилларимиз бор, портлашни ўша келтириб чиқарганга ўхшайди, – деди у.

Луценконинг фикрича, одамлар жорий йил баҳорида Харьков шаҳри яқинидаги Балаклея қишлоғида ердан бошқариладиган учоқни кўрган. Терговчилар ўша қурилма 23 март куни қурол-аслаҳа омборида портлашни келтириб чиқарган, деб ҳисоблайди.

– Ҳаммамиз қўпорувчилик аломатларини кўриб турибмиз... Россия билан Украина чегараси яқинида жойлашган Балаклея қишлоғида номаълум ҳаво қурилмаси учиб юрганини кўрдик ва у ўша ерда ўқ-дори омборига термобарик зарядни ташлаб, портлаш содир этди. Шунинг учун бу Россиянинг ҳарбий қудратимизга зарар етказувчи қўпорувчилигидир, – деди у “Интер” ТВга.

Балаклея базаси Россия чегараси яқинида ҳамда ҳукумат кучлари билан Россия қўллаётган айирмачилар ўртасидаги фронт линиясидан 100 км узоқликда жойлашган.

Шу билан бирга Луценко Калинивкадаги ўқ-дори омборининг портлашида Украина хавфсизлик кучларининг совуққонлиги ҳам сабаб бўлгани ҳақидаги тахминни инкор қилмади.

“Яқинда рўй берган барча портлашлар Россия Федерацияси Украинага қарши олиб бораётган урушнинг бир қисми деб тахмин қиляпмиз”, деди у "Интер" ТВга.

Калинивкада ҳам, Балаклеяда ҳам портлаш кечаси рўй берди, атрофдаги аҳоли пунктларидан минглаб кишиларни кўчиришга тўғри келди.

Калинивкадаги 26 сентябрь куни бошланган портлашлар сабаб 30 минг киши уйларидан кўчирилди, икки киши эса яраланди. Балаклиядаги портлаш эса икки кишининг ўлимига олиб келди. Бир аёл ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлди, бошқа биров эса кейинроқ касалхонада ҳаётдан кўз юмди.

Украина ҳокимият идораларининг билдиришича, Калинивкадан кўчирилган барча аҳолига 28 сентябрь куни уйларига қайтишга рухсат берилди. Портлашлар тўхтамаганига қарамай, аҳоли ҳаётига хавф йўқлиги айтилди.

XS
SM
MD
LG