Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 09:53

Пичоқланган "Эхо Москвы" журналисти комадан чиқди


"Эхо Москвы" радиостанциясининг пичоқланган ходими Москва шифохонасида операция қилинганини билдирди.

Мустақил радиостанциянинг бошловчиси ҳамда бош муҳаррири ўринбосари бўлган асли тошкентлик Татьяна Фельгенгауэр 23 октябрь куни сунъий кома ҳолатига туширилган эди.

Ўша куни номаълум шахс станция биносига бостириб кириб, журналист бўйнига пичоқ билан ҳужум қилган.

"Эхо Москвы" бош муҳаррири Алексей Венедиктов 23 октябрь куни кеч:

- Қаерга бораётганини яхши билган [ҳужумчи] хонага кириб, Татяна бўйнига пичоқ санчди. Биз билганимиз шу. Яра чуқур, жуда кўп қон кетди. Аммо Татяна тез ёрдам машинасига ўзи юриб борди, - деди.

24 октябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳужумчи ва Кремль расмийлари ўртасида алоқа йўқлигини таъкидлади.

Песков ҳужумни “ақлдан озган одам” амалга оширганини айтди.

- Ақлдан озган одам ишини ақлдан озган одам қилади. Буни бирор нарсага боғлашга уринишда мантиқ йўқ ва бундай қилиш хато, - деди котиб.

24 октябрь куни “Эхо Москвы” ҳужумчи бинога қандай киргани акс этган видеотасвирни эълон қилди.

Хавфсизлик камераси ёзиб олган видеода ҳужумчи бино соқчиси кўзига газ сепиб, бино ичкарисига ошиққанини кўриш мумкин.

Россия Тергов қўмитаси ҳужумни 48 ёшдаги Россия ва Исроил фуқароси Борис Гриц амалга оширганини билдирди.

23 октябрь куни қўлга олинган Гриц терговчиларга Фельгенгауэр билан беш йилдан бери "телепатик алоқада" бўлганини айтган.

24 октябрь куни Гриц илк суд эшитишида қатнашди. Суд уни камида 23 декабргача маҳкамада ушлаб туришни буюрди.

Гумонланувчи психиатрик текширувдан ўтказилиши кутилмоқда.

Россия ҳукумати бошқарувидаги ОАВ "Эхо Москвы" ва бошқа мустақил нашрларни систематик тарзда қоралаб келади.

Октябрь бошида "Россия-24" телеканали "Эхо Москвы" 2018 йилга белгиланган президентлик сайлови олдидан "жамиятни беқарорлаштириш" учун маблағ сарфлаётганини иддао қилди.

"Эхо Москвы"нинг яна бир бошловчиси Юлия Латинина сентябрь ойида машинаси ёқиб юборилганидан кейин Россияни тарк этганди.

Жорий йилнинг август ойида Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Латининага номаълум шахс бир челак ахлат билан ҳужум қилган эди.

Латинина "Новая газета"да чоп этилган мақоласида Фельгенгауэрга қилинган ҳужум Россия расмийларининг мустақил нашрлар ҳақидаги салбий реторикасининг тўғридан-тўғри натижаси эканлигини таъкидлади.

- Грицнинг руҳий касал эканлиги партия чизиғига мос тушади. Фельгенгауэрга қилинган ҳужум мустақил журналистлар ва мухолифатчи сиёсатчиларган қилинган ва жавобсиз қолган ҳужумларнинг навбатдагисидир, - деб ёзди Латинина.

XS
SM
MD
LG