Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:53

"Қора рўйхат"даги россиялик диндор: Бир кун ғойиб бўлишдан қўрқаман


Махачкалада мусулмонлар жума намозини ўқимоқда, 23 январь, 2015 йил
Махачкалада мусулмонлар жума намозини ўқимоқда, 23 январь, 2015 йил

Доғистон полицияси ИИВ буйруғи билан тузилган 2015-2016 йилдаги экстремистик кайфиятдаги кишилар рўйхатларга тиркалган диндорлар устидан назоратни янада кучайтирди. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, бу рўйхатлар Доғистон Ички ишлар вазирининг махсус буйруғи асосида тузилган ва кейинчалик бекор қилинган, аммо тазйиқлар тўхтамаган.

Жумладан, махачкалалик Арсен Гасенов 2016 йилнинг февралидан бери тинчини йўқотган. Озодлик билан суҳбатда у:

- Ўзимни Дон Кихотдек ҳис қиляпман: Ҳужумга шайланган тегирмонлардан ўзимни ҳимоя қилишга уриняпман, - деди.

Гасенов ўтган йилнинг февралида болаларини мактабдан олиш учун эрта борган ва бекор ўтирмаслик учун маҳаллий масжидга кирганди. Масжид ташқарисида эса полиция зобити уни тўхтатиб, полиция бўлимига олиб кетди.

Полиция бўлимида уни ва бошқа бир неча шахсни сўроқ қилиб, суратга олиб, қўйиб юборишди.

- Мендан неча йилдан бери масжидга бораётганимни ва қандай мусулмон эканлигимни, қайси масжидларга боришимни сўрашди. Мен бирор оқимга мансуб эмаслигимни, қайси масжид қулай бўлса, ўшанисига бориб, намоз ўқишимни айтдим. Чиндан ҳам шундай, - дейди Гасанов.

Гасанов бармоқ изларини беришидан бош тортган. Чунки, унинг айтишича, кейинчалик бу "бармоқ излари қайсидир ўрмондаги қуролда пайдо бўлиб қолишини истамаган". Полиция қўйиб юборган бўлсада, кейинроқ у потенциал экстремист ўлароқ махфий рўйхатга киритилганидан хабар топди.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, бу рўйхат Доғистон Ички ишлар вазирлигининг 2015 йил апрели ва 2016 йил апрелида чиқарган махсус буйруқлари асосида тузилган.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг “Конфликт зоналари” лойиҳаси ҳуқуқшуноси Галина Тарасова Озодлик билан суҳбатда: "Бу икки буйруқнинг бирортаси ҳам оммага эълон қилингани йўқ", деди.

- Машинасида кетаётган шахсларни йўл постларида соатлаб ушлаб туришлари мумкин. Айрим ҳолларда баъзилар дам олиш ёки даволаниш учун Доғистондан чиқиш мумкин ёки йўқлиги ҳақида сўраганда, уни ҳар бир постда тўхтатишларини айтишган. [Расмийлар] уларнинг қариндошлари изига тушишади, тинмай телефон қилишади, номаълум одамлар ҳақида сўрашади, уйларига боришади. Биз буни шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуқнинг бузилиши деб ҳисоблаймиз, - дея қўшимча қилди Тарасова.

“Мемориал” судга мурожаат қилиши ортидан Доғистон Ички ишлар вазири Абдурашив Магомедов 2017 йил бошида рўйхат бекор қилинганини ва тўпланган барча маълумот йўқ қилинганини билдирди. Тарасова бунинг ортидан қўлга олишлар озайганини, аммо бутунлай тўхтамаганини айтди.

- Энди қарши курашиш янада мураккаб бўлиб қолди. Кузатув рўйхати мавжуд эмас, аммо полиция хулқ-атвори ўзгаргани йўқ. Бу Арсен Гасановга ҳам тегишли, - деди Тарасова.

2016 йилнинг октябрида полиция зобити Мурад Халаев Гасанов уйига келиб, бундан нари ҳар ҳафта Гасановдан хабар олишини айтган.

Унга подполковник Мурад Қурбанов “Экстермист туркуми остидаги текширув рўйхатига киритилдинг”, деб ёзилган мактуб йўллаган.

Пировардида Гасанов судга мурожаат қилган. Узоқ чўзилган суд Гасанов рўйхатга киритилгани ҳақида етарлича далил йўқ, дея хулоса қилган. Суд қароридан кейинам, Гасановни полиция таҳқирлашда давом этган.

Кейинроқ Доғистон олий суди қуйи суд қарорини бекор қилган. Аммо қуйи суд махфий рўйхат бекор қилинганини айтиб, Гасанов аризасини кўриб чиқмаган.

Ҳозиргача полиция ходимлари Гасанов уйига келиб туради.

Халаев Озодликнинг экстремистлар рўйхати ҳақидаги саволига жавоб беришдан бош тортди. Қурбанов билан эса алоқага чиқиб бўлмади. Россия Ички ишлар вазирлиги ҳам Озодлик мактубларига жавоб бермади.

У ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашаётгани учун полиция унга янада ўчакишидан хавотирда.

Озодлик билан суҳбатда Гасанов: "Қўрқаманки, эполетли бу бўрилар менга нимадир ташлайди ёки мен шунчаки йўқолиб қоламан. Олтида болам бора, жумладан, икки чақалоғим. Уларни ким боқади?" деди.

XS
SM
MD
LG