Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 12:54

Россия Адлия вазирлиги Озод Европа/Озодлик радиосини огоҳлантирди


Озод Европа-Озодлик радиосининг Прагадаги бош қароргоҳи.

Россия Давлат думаси чет элдан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларини «хориж агентлари»га тенглаштирувчи қонунни қабул қилгани ортидан Адлия вазирлиги Озод Европа/Озодлик радиоси рус хизмати - Свобода радиосини чекловлар бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Бундай огоҳлантирув Озод Европа/Озодлик радиоси лойиҳаси бўлган Idel.Реалии сайти ҳамда “Настояшее время” телеканалига ҳам берилди.

Дума 15 ноябрда қабул қилган қонунга биноан чет элдан молия оладиган ва “кенг жамоатчилик учун босма, аудио ва аудиовизуал ҳамда бошқа материалларни” тарқатаётган ҳар қандай тузилма “хориж агенти” деб эълон қилиниши мумкин.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков қонун АҚШда Россиянинг RT телеканали 14 ноябрда “хориж агенти” сифатида рўйхатдан ўтказилганига жавоб эканини айтди:

- Хорижда Россия оммавий ахборот воситалари эркинлигини чеклашга қаратилган ҳар қандай ҳаракат Москва томонидан жавобсиз қолдирилмайди, - деди Песков.

АҚШ расмийлари RT телеканалининг хориж агенти деган мақомга эга бўлиши телеканал фаолияти ва эркинлигини чекламаслигини билдирган. Amnesty International ташкилоти Россияда қабул қилинган қонун матбуот эркинлигини жиддий чеклаши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Россия Адлия вазирлиги Свобода радиосини чекловлар жорий этилиши мумкинлиги ҳақида 10 октябрда ҳам огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG