Линклар

12 декабр 2017, Тошкент вақти: 23:06

Қирғизистон бош вазири: Ўзбекистон Қамбарота-1 ГЭСи қурилишида иштирок этмоқчи


Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши.

Бу ҳақда Қирғизистон парламенти – Жўғўрқу Кенеш мажисида бош вазир Сапар Исақов баёнот бергани тўғрисида Азаттиқ радиоси хабар қилди. Исақовга кўра, Қамбарота-1 ГЭСи қурилишини биргаликда амалга оширишга доир сўзлашувлар икки мамлакат президентлари ўртасида бўлиб ўтган. Бу сўзлашувларнинг қачон бўлиб ўтганини маълум қилмаган Бош вазир бундай деган:

- Шу пайтгача улар (Ўзбекистон томони) Қамбарота-1 ГЭСини қуришга қарши бўлиб келган. Эндиликда эса, қўллаб-қувватламоқдалар. Боз устига Ўзбекистон “бу лойиҳага ягона акциядор бўлиб кирайлик” деган фикрни билдирди. Биз Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлар биргаликда бу ГЭСни қуришимиз керак.

Норин дарёсида барпо этилиши режалаштирилган Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши йиллардан буён амалга ошмай келмоқда. Лойиҳа қуввати 1 860 мегаваттли бу ГЭСни қуриш 1980 йиллар охирида режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга 5 сентябрдаги давлат ташрифи доирасида ҳамкасби Атамбаев билан учрашувдан сўнг Ўзбекистон Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилишида иштирок этишини билдираркан, бундай деган эди:

- Алмазбек Шаршенович бирорта станция Ўзбекистон иштирокисиз қурилмайди, деб айтди. Мен бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Биз Қамбарота ГЭСини қуришда молиявий жиҳатдан ҳам, заҳира жиҳатидан ҳам фаол иштирок этамиз.

2012 йили Қирғизистон Россия билан Қамбарота-1 ГЭСини қуриш бўйича битим имзолаган эди. Бироқ бу ҳужжат 2016 йили денонсация қилинган.

XS
SM
MD
LG