Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:03

Грузия собиқ президенти Саакашвили Киевда яна бир “Майдон” бошлади


Михаил Саакашвили тарафдорлари унинг махсус хизматлар томонидан олиб кетилишига йўл қўймади.
Михаил Саакашвили тарафдорлари унинг махсус хизматлар томонидан олиб кетилишига йўл қўймади.

Сешанба куни Украина махсус хизматлари Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвилининг Киевдаги квартираси эшигини бузиб кириб¸ унинг уйида тинтув ўтказди¸ Саакашвилининг ўзини 8-қават томида ҳибсга олди.

Рейдда қатнашган Бош прокуратура вакиллари Саакашвилигига айблов қоғозини бериб¸ унинг қўлига кишан солди. Уй олдида тўпланган Саакашвилининг юзлаб тарафдори у ўтирган машина йўлини тўсиб қўйгани ортидан фаоллар ва махсус кучлар ўртасида тўқнашув юзага чиқди.

Фаоллар қаршилиги остида махсус кучлар Саакашвилини машинадан тушириб юборишга мажбур бўлди.

Шундан сўнг Саакашвили намойишчиларни “Майдон”га даъват қилди ва Украинани “Порошенко бандитларидан озод қилиш жараëнини бошлаш”га чақирди:

- Мен барча украиналикларни мени олиб қочишга йўл бермасликка чақираман. Мен киевликларга мурожаат қиламан: қонунсизлик рўй беришига йўл қўйманг! Хаос бошланишига йўл қўйманг! Президент Порошенко ва унинг тўдаси тарафидан қароқчилик қилинишига йўл қўйманг!Украина жиддий таҳдид остида! Бу одамлар ҳокимиятни мутлақ узурпация қилди!-деди жумладан.

Саакашвили тарафдорлари 17 октябрь куни Олий Рада биноси олдига чодир тикиб¸ норозилик тадбирларини давом эттирмоқда.

Армиянинг ўз тарафида эканини иддао қилган Саакашвили, Олий Рада олдига йиғилган ўз тарафдорларини тинч норозилик намойишига даъват қилди.

Айни пайтда 5 декабрь куни Украина Бош прокурори Юрий Луценко давлат тўнтаришини ташкиллаштиришда айбланаëтган Грузия собиқ президенти устидан жиноий иш очилганини билдирди:

- Иш айрим сиëсатчилар¸ асосан Саакашвили билан Янукович бошчилигидаги уюшган жиноий тўда аъзолари¸ хусусан Сергей Корченко ўртасидаги ҳамкорликка алоқадор. Шуларнинг пулига Михаил Саакашвили ва унинг атрофидагилар Украина давлат ҳокимиятини қўлга олишни мақсад қилган норозилик намойишларини молиялаштирган¸ деди Украина Бош прокурори Одесса собиқ губернатори Саакашвилини ҳибсга олиш ҳақидаги ордерни эълон қила туриб.

Ҳозиргача қолаëтган бу чодирларда бир неча юз намойишчи яшамоқда. Улар қўяëтган талаблар орасида “Украина президентини импичмент қилиш” қонунини қабул қилиш ҳам бор.

3 декабрь куни Киев марказида “Импичмент марши” бўлиб ўтди ва унда бир неча минг одам қатнашди.

29 ноябрь куни Саакашвили Украина президенти Петр Порошенко Бош прокуратура ва Хавфсизлик хизматига ўзини қамоққа олиб¸ сўнгра Украинадан Грузия¸ Польша ëки Ҳолландияга чиқариб юбориш ҳақида буйруқ берганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG