Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2018, Тошкент вақти: 09:03

Данияда нархи 1,3 миллион доллар бўлган ароқ шишаси ўғирланди


Ўғирланган ароқ шишаси 3 кило олтин ва 3 кило кумушдан ясалган.

Дания пойтахти Копенгагендаги Café 33 баридан нархи 1 миллион 300 минг доллар бўлган рус ароғи шишаси ўғирлаб кетилди. Бар эгаси матбуотга билдирган бу хабарни Дания полицияси 3 январь куни тасдиқлади.

“Мен бу шишани дунёдаги энг қиммат автомашина ва ароқ чиқарувчи “Дартз” ширкатидан сотиб олган эдим. Бу шиша 6 ойдан бери менинг коллекциямнинг безаги бўлди”, деди TV2/Lorry телеканалига бар хўжайини Браян Ингберг.

Бардан ўғирланган “Руссо-Балт" ароғининг шишасини Браян Ингберг суғурта қилмаганини айтди.Бу дунёдаги энг қиммат шиша ҳисобланади.

Латвиядаги “Dartz Motorz” ширкати асосан зирҳли автомобилларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

6 килоли мазкур шишани ясаш учун уч килограмм олтин ва уч килограмм кумуш ишлатилган. Бундан ташқари шишанинг сирти 1912 йилда ишлаб чиқарилган "Монте Карло" автомашинаси ўтирғичидан олинган тери билан қопланган.

“Мен бу воқеадан жуда хафаман. Чунки бу шиша менинг 1200 шишадан иборат бўлган колекциям ичида энг ўзгачаси эди”, деди Браян Ингберг.

Маълумотларга қараганда, ўғри барда фақат уч дақиқа бўлган ва шундан келиб чиқиб, унинг мақсади фақат мана шу шишани ўғирлаш бўлган, деб таҳмин қилинмоқда.

Ингберг ўғирликда барнинг собиқ хизматчисини гумонламоқда. Унга кўра, собиқ ходим калитларнинг дубликатини ясатиб олиш имкониятига эга бўлган. Полиция айни пайтда гумонланувчини қидирмоқда.

Бу ароқ шишаси АҚШда ишлаб чиқарилган “Картадан қурилган уй” телесериалида намойиш этилганидан сўнг машҳур бўлиб кетган эди.

Мазкур сериалда Россия президенти Петров ролини ижро этган даниялик Ларс Миккельсен АҚШ президенти Фрэнк Андервуд роли ижрочиси Кевин Спейсини мана шу шишадан қуйилган ароқ билан меҳмон қилади.

XS
SM
MD
LG