Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2018, Тошкент вақти: 23:59

Трамп ҳозирча Эрон билан ядро битимини ўзгартирмайдиган бўлди


АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда Эроннинг ядровий дастури тўғрисида гапирмоқда. 2017, 13 октябрь.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга 2015 йили Қўшма Штатлар ва бошқа етакчи мамлакатлар билан ушбу мамлакатнинг ядро дастурига оид эришилган битим эвазига енгиллаштирилган санкцияларнинг амал қилиш муддатини кенгайтиради. Аммо президент ушбу қарори билан таниш манбанинг билдиришича, ҳозирча битим ўзгаришсиз қолади.

Манбанинг айтишича, битимни бекор қилишга ваъда берган Трампнинг АҚШ Конгресси ва Европадаги иттифоқчи мамлакатларга уни такомиллаштириш учун муҳлат бериши кутилмоқда. Агар битим такомиллашмайдиган бўлса, Трамп яна ундан чиқиш тўғрисидаги таҳдидини бошлаши турган гап.

Жума куни Трампнинг санкцияларни бекор қилиш ёки қилмаслик ҳақида қарор қабул қилиши учун берилган муҳлат тугаяпти. Санкциялардан воз кечишга оид қарор берилса, бу Эроннинг ядро дастурига чекловларни олиб ташлаш билан баробар бўлади. Оқ уй бу борадаги қарорини жума куни эълон қилиши кутилмоқда.

Трамп санкцияларни бекор қилишни маъқуллаши баробарида Эронга қарши янги аниқ мўлжалли санкциялар жорий этишга қарор берди, дейди манба.

Трамп маъмурияти икки йирик амалдорининг чоршанба куни Рейтер ахборот агентлигига айтишича, республикачи президент хос суҳбатда етакчи маслаҳатчиларининг гапига қулоқ солмоқчи эмаслигини айтган. Улар Трампга тўхтатиб қўйилган санкцияларни қайта жорий қилмасликни тавсия этмоқда.

Трамп ўтмишдоши Барак Обаманинг ядро дастурини чекловчи битимга розилик бергани Қўшма Штатлар манфаатига мос келмайдиган қарор бўлганини иддао қилмоқда.

Европалик иттифоқчилари Трампга санкцияларни бекор қилиши учун кучли босим ўтказмоқда.

ТАФОВУТЛИ ҚАРАШЛАР

Эрон ҳукумати ядро дастури фақат тинчлик мақсадларини кўзлашини айтмоқда. Ҳукуматга кўра, бошқа имзо қўйган томонлар битимни ҳурмат қилса, ўзи ҳам унга содиқ қолади, агар Вашингтон ундан чиқадиган бўлса, ҳужжат «йиртиб отиш»дан бошқа нарсага ярамай қолади.

АҚШ Конгресси президентдан вақти-вақти билан Эрон битимга амал қилаётган ёки қилмаётганини тасдиқлаб туришни талаб қилмоқда. Бу санкциялар кучга кирмаслиги учун уларни тўхтатиб туриш ҳақида қарор чиқаришни ҳам назарда тутади.

Трамп октябрда битимга амал қилинаётганини тасдиқламаслик йўлини танлади ва пировардида битимни бекор қилиш билан таҳдид қилди. У Эронни битим «руҳи билан яшамаётганлик»да айблади.

АҚШ Конгрессидаги Эронга нисбатан қаттиқ сиёсат юргизиш тарафдорлари кечиктириб турилган санкцияларни қайта жорий қилиш ва ядро дастури бўйича битимдан чиқишга даъват қилмоқда. Айни чоқда айрим либерал демократлар Трамп учун расмий Вашингтоннинг Конгресс розилигисиз битимдан чиқишини қийинлаштирувчи қонун қабул қилинишини истамоқда.

Трамп ва унинг етакчи маслаҳатчилари АҚШ қонун чиқарувчилари билан санкциялар тўғрисидаги қонунни ўзгартириш юзасидан музокара ўтказди. Агар ўша қонун ўзгарса, Оқ Уйнинг қарор чиқариши ҳар 90 кунда Эроннинг ядро дастури бўйича битимга амал қилаётганини қайта тасдиқлашда сўнгги муҳлатга тақалиб қолмайди.

Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Боб Коркер АҚШнинг Эронга оид қонунига «чеклов чизиқлари» киритиш устида иш олиб бормоқда. Агар Эрон ўша чеклов сизиқларини босадиган бўлса, АҚШ санкциялари автоматик тарзда ишга тушиб кетади.

XS
SM
MD
LG