Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2018, Тошкент вақти: 23:45

Украинадаги уруш сабаб ОИТВ “яширин эпидемия”га айланди


Айирмачилар назоратидаги наркоманларни даволайдиган касалхонанинг токсикология бўлими.

Янги тадқиқотга кўра, Украина шарқидаги можаро бутун мамлакат бўйлаб Одам иммунитети танқислиги вируси (ОИТВ) ортиб кетишига сабаб бўлган, чунки беморлар уруш сабаб яшаб турган жойидан кўчиб кетишга мажбур этилди.

Мамлакат шарқидаги Донецк ва Луганск сингари иккита йирик шаҳар 2014 йили рўй берган зўравонликдан қаттиқ зарар кўрди. Оқибатда ўша ерда яшайдиган ОИТВ юқтирган беморлар вирусни мамлакатнинг Киев ва Одесса каби шаҳарларига тарқатди. Бу ҳақда АҚШнинг PNAS жамғармаси журнали чоп этган ҳисоботда хабар қилинди.

Украина Европада ОИТВ юқтирган кишилар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга. Аҳолиси тахминан 45 миллон киши бўлган мамлакатда 220 минг киши ушбу вирус ташувчиси ҳисобланади.

Тадқиқотда келтирилишича, Украинада ОИТВ бўҳрони “яширин эпидемия”га олиб келган, чунки ушбу вирусни юқтириб олган кишиларнинг ярми инфекция юқтириб олганидан бехабар бўлган. Бу ҳам етмагандай, вирусни юқтиргани аниқланган кишиларнинг 40 фоизи касалликнинг сўнгги босқичини бошидан кечирмоқда.

Оксфорд университети ва Англиянинг ижтимоий саломатлиги агентлиги етакчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи вируснинг Украинада 2012 йилдан 2015 йилгача бўлган даврдаги миграция жараёнини таҳлил қилиб, уруш сабабли 1,7 миллион кишининг яшаб турган жойидан кўчирилиши билан ОИТВ тарқалиши ўртасида бевосита алоқа борлигини аниқлади.

"Уруш Украинада кўп нарсани ўзгартириб юборди. ОИТВ эпидемияси шулардан биридир", деди Оксфорд университети Зоология факультети ходимаси Татьяна Васильева.

ХХ асрнинг 90-йилларида ОИТВ эпидемияси наркотикларни укол қилиш орқали юққан бўлса, энди инфекция асосан жинсий йўл билан юқмоқда, дейилади тадқиқотда.

Етакчи муаллифлардан бири, вирусолог Гкикас Мигиоркинисга кўра, Украинада одамларнинг ОИТВни умумий даволашга мўлжалланган дастлабки профилактикага (PrEP) қаршилик кўрсатиши Европанинг қолган қисмига инсбатан хавотирли даражада юқори экани аниқланган.

Украина ОИТВнинг бундан буёнги тарқалишининг олдини олиш чораларини кучайтириши ва халқаро ҳамжамиятдан кўмак сўраши лозим. Акс ҳолда ушбу эпидемия янги миллий фожиага сабаб бўлиши мумкин, дейилади тадқиқотда.

Тадқиқот хулосалари ОИТВнинг Ғарб мамлакатларида тарқалиши хусусидаги олдинги тадқиқот натижаларига мос келади, яъни унинг тарқалиши билан жуғрофий-сиёсий воқеалар ўртасида бевосита боғлиқлик бор.

Дунё бўйича 37 миллион киши одам иммунитети танқислиги вирусига чалинган.

35 йил илгари ОИТВ аниқланганидан бери 35 миллион киши ОИТС билан боғлиқ касалликлардан вафот этди, дейилади БМТнинг ОИТС дастурида.

Украинанинг Россияга орқа қилаётган айирмачилар билан мамлакат шарқидаги уруш 2014 йили бошланди ва шу кунгача 10 300 кишининг умрига зомин бўлди.

Россия Украинадаги айирмачиларни қўшин ва қурол-яроғ билан таъминлаётганини инкор этиб келади.

XS
SM
MD
LG