Линклар

22 феврал 2018, Тошкент вақти: 11:55

Уфада севган қизини ва ўзини пичоқлаган ўзбек муҳожири шифохонада жон берди


Али ва Шаҳноза ижтимоий тармоқларда танишган

Уфада севган қизини пичоқлаб,ўлдирган ва ўзига ҳам тан жароҳати етказган ўзбекистонлик муҳожир кома ҳолатидан чиқмасдан касалхонанинг реанимация бўлимида оламдан ўтди. Терговчилар 26 яшар Али асли ўзбекистонлик Шаҳноза билан Интернетда танишгани, аммо турмуш қуриш таклифига олган рад жавобидан жазавага тушиб, қизни иш жойига бориб чавақлаб қўйгани айтилмоқда.

Куни кеча 23 яшар россиялик аёлни чавақлаб ўлдирганликда гумонланаётган 26 яшар Али исмли ўзбекистонлик йигит Бошқирдистон пойтахтидаги марказий шифохонанинг реанимация бўлимида ҳушига келмасдан жон таслим қилди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикаси бўйича Тергов қўмитаси бошқармаси расмийси адлия полковниги Светлана Абрамова ўзбекистонлик йигит рад этилган севги-муҳаббати туфайли яхши кўриб қолган қизини ва ўзини қурбон қилганини айтди:

- Айбланувчи бу эркак Уфа шифохонасида нобуд бўлди. Ўлдирилган қизимиз ҳам ё Ўзбекистон, ё Ўзбекистон билан қўшни давлатлардан бирида туғилганига қарамасдан, Россия гражданлигига эга эди. Қотилликда гумонланаётган шахс сўроққа ҳам тутилмасдан жон берди, чунки 20 декабрдан бери оғир аҳволда қолаётганди. Шунга қарамасдан, жиноят иши тергови давом этаяпти, чунки ўлган йигитнинг қариндошлари пайдо бўлмагунча ва унинг шахсини тасдиқлаб бермагунча ҳамда жиноий иш судга оширилмагунча тергов ёпилмайди, деди Светлана Абрамова.

Тергов идораси вакиласи айтишича, Бошқирдистон бош тергов идораси ўлдирилган 23 яшар шахснинг яқинларини ўликни бериб юбориш учун излаётганини билдирди.

Озодлик ўз манбаларидан ўлган йигитнинг исми Али, у 26 ёшда экани ва Москвада яшагани, ўлдирилган 23 яшар уфалик қизнинг исми эса Шаҳноза бўлганини аниқлади.

Уфа терговчиларидан олинган маълумотга биноан, Али Шаҳноза билан Интернет тармоқдаридан бирида танишган. Улар бир неча ой давомида ёзишиб юришган, бир қанча маротаба учрашишган. Ўзбек йигити бир йиллик ёзишув ва учрашувлардан кейин Шаҳнозага у билан турмуш қуришни таклиф қилган. Шаҳноза унда ҳозирча турмуш қуриш режаси йўқлигини билдириб, Алига рад жавобини берган ва у билан учрашувларни тўхтатган.

Тергов пайти аникланишича, 2017 йилнинг 20 декабрида Шаҳноза Уфанинг Черниковка мавзесидаги “Победа” озиқ-овқат дўконида ишлаётган пайти олдига келган ошиқ Али билан гаплашиш истаги йўқлигини билдирган.

Терговчиларга кўра, бирдан қўйнидан пичоқ олган ўзбек муҳожири “Сен бошқа ҳеч кимники бўлмайсан!” бақириғи билан сотувчи қизга ташланган ва уни чавақлаб ташлаган.

- Айбланувчи жабрланган аёлга камида 17 маротаба пичоқ солди. Кейин у ўзининг қўкрагига бир неча маротаба пичоқ тиқди, дея мудҳиш ҳодиса тафсилотларини билдиришди Бошқирдистон Тергов қўмитасида.

Youtube порталида ҳодиса жойидан олинган видео ҳам пайдо бўлди.

Тергов қўмитаси 105- модда, яъни қотиллик асосида жиноий иш очди. Бошқирдистонлик терговчилар ўзбекистонлик муҳожирнинг Уфа шифохонасида аниқ нимадан ўлгани юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланганини ҳам қўшимча қилишди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG