Линклар

20 феврал 2018, Тошкент вақти: 08:35

Эрдўғон Путин билан Суриядаги курд жанггариларига қарши амалиётни муҳокама қилди

  • Озодлик

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 23 январда Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбатида турк қўшинлари Суриянинг Африн минтақасида олиб бораётган ҳарбий амалиётни муҳокама қилди.

Анадўлу агентлигининг 23 январда билдиришича, Эрдўғон Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефонда суҳбатлашганидан сўнг Путинга телефон қилган.

Суҳбат чоғида Путин Сурия ҳудудий яҳлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш зарур деб айтган ҳамда Сурияда тинчлик ўрнатиш масаласига бағишланган музокараларга тайёргарлик якунларига тўхталган.

Кейинги ҳафтада Сочида Сурия ҳукумати ва мухолифати иштирокида тинчлик музокаралари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

23 январь куни Reuters Оқ уй расмийсига таянган ҳолда президент Дональд Трамп Туркиянинг Африндаги амалиётлари борасида ўз ташвишини изҳор этиш учун “яқин орада Эрдўғон билан мулоқот ўтказиши”ни билдирди.

22 январь куни Эрдўғон иттифоқчиларнинг ташвишларига қарамай, Суриянинг курд жанггариларидан иборат Халқ ҳимоячилари гуруҳи (YPG) назоратида бўлган Африн минтақасидаги ҳарбий амалиётлар давом эттирилишини ва бу амалиётлар Россия билан ҳам, Вашингтон билан ҳам келишилганини билдирган эди.

Эрдўғон курд жанггариларига қарата:

-Шуни билингки, ҳатто: “Бизнинг ортимизда Америка турибди ва у бизни бари бир қурол билан таъминлайди”, деб ўйлаётган бўлсангиз ҳам ҳеч қачон туркияни ва турк миллатини енга олмайсиз, -деб айтди.

Сўнгги хабарларга қараганда, Туркия қўшинлари Африн минтақасида ҳарбий амалиётни бошлаган 20 январдан бери жангларда Суриядаги курд жанггарилари ва “Ислом давлати” гуруҳи аъзоларидан камида 260 нафари ҳалок бўлди.

20 январда турк қўшинлари АҚШ дастаклаётган курд жангчилари назоратидаги Африн анклавида ҳарбий амалиёт бошлади. Қўшма Штатлар бундай хатти-ҳаракат минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантирди.

Туркия курд YPG гуруҳини ўз ҳудуди, АҚШ ва қатор Европа давлатлари террорчи ташкилот, деб тан олган Курд ишчилари партиясига алоқадорликда айблаб келади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG