Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2018, Тошкент вақти: 02:26

Назарбоев лотин алифбосидан баҳсларга сабаб бўлаётган апострофларни олиб ташлади


Назарбоев янги фармон билан тасдиқлаган лотин ёзувига асосланган қозоқ алифбоси.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 20 февралда лотин ёзувига асосланган қозоқ алифбосидан апострофлар, яъни тутуқ белгиларини олиб ташлаш ва уларни диакритик белгилар – акутлар билан алмаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Президент ўтган йилнинг октябрида 2025 йилгача қозоқ алифбосини лотин ёзувига босқичма – босқич ўтказиш тўғрисидаги фармонни эълон қилганди. Бироқ қозоқ тилшунослари ўша пайтда таклиф қилинган алифбодаги апострофлар қозоқ тили қоидаларига тўғри келмаётгани, жумладан, апострофлар бир сўзни уч ёки тўртга бўлиб юбораётгани ортидан матнларни ўқиш оғирлашаётганини, бу эса матнларни тушунишни ҳам қийинлаштираётганини танқид қилиб чиққан эдилар.

Назарбоевнинг янги фармонини шарҳлаган ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев президент IT-мутахасислар ва олимларнинг эътирозларини ҳисобга олган ҳолда апострофлардан ҳоли бўлган янги алифбони тақдим этганини билдирди.

“Лотин ёзувига асосланган янги қозоқ алифбоси қозоқ тилида ёзиш ва ўқишни анча осонлаштиради”, деди вазир.

Назарбоев фармони билан тасдиқланган янги алифбода белги (апостроф) ҳарфдан кейин эмас, бевосита ҳарфнинг устига (акут) қўйилади.

Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Ўзбекистон кирилл алифбосидан воз кечиб, лотин ёзувига ўтган эди.

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонун 1993 йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган бўлса-да, шу кунгача лотин ёзувга ўтиш жараёни ўз якунига етган эмас.

Ўзбекистонлик мутахасислар бунга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида муаммолар, ноаниқликлар бисёр экани сабаб бўлаётганини айтиб келадилар.

Жумладан, лотин ёзувидаги ўзбек алифбосида энг катта ноқулайликларни «ў» ва «ғ» ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси келтириб чиқараётгани, ҳозирги кунда ушбу ҳарфларни ёзишда қабул қилинган белгилар ўрнига турли-туман белгилар ишлатилаётгани тўғрисида Озодлик радиоси 2017 йилнинг 15 августида мақола эълон қилган эди.

Бундан аввал ўзбекистонлик адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ҳам мамлакат раҳбарига мурожаат этиб, лотин алифбоси ўзбек тили табиатига унчалик мувофиқ эмаслиги, учинчи ўн йиллик тўлиб боряптики, кўпчилик ҳануз бу ёзувга мослаша олмаётганини айтган ва кириллни – асосий, лотинни иккинчи алифбо сифатида қонунлаштиришни таклиф этган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG