Исроил армияси Суриянинг атом реакторини 2007 йили йўқ қилганини илк бор расман тан олди. Баёнотда айтилишича, ўшанда ҳаводан берилган зарба Исроилга таҳдид солган хавфни бартараф этган.
Исроилнинг бундан 10 йил муқаддам амалга оширган операцияси тўғрисидаги бу баёноти Суриядаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтираётган Эронга огоҳлантириш сифатида баҳоланмоқда.
Эроннинг Сурияда доимий ҳарбий базалар қураётганига қарши чиқаётган Исроил ўтган ойда Эронга қарашли дронни отиб тушириб, Теҳронни ўз ҳаво майдонини бузганликда айблаган.
Ядровий қуролларни тарқатмасликка доир 1970 йилги шартномани имзолаган Сурия ҳукумати Исроил ҳаводан зарба берган жойда атом реактори бўлганини ва уни жиҳозлаш учун Дамашқ Шимолий Корея билан ҳамкорлик қилганини инкор этиб келган.