Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2025, Тошкент вақти: 23:42

OzodDayjest: Ижтимоий тармоқда милицияни ҳақорат қилганлар жазоланмоқда


Қиш қаҳратонида аҳолини кўмир ва газсиз қолдирган жиноий гуруҳлар фош қилинди. Расмий идоралар матбуотда эълон қилинган ғалвали мақолаларга муносабат билдирмай қўйди. Жорий ҳафта шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Расмий идоралар матбуотда эълон қилинган ғалвали мақолаларга муносабат билдирмай қўйди

“Тўртинчи ҳокимият” деб аталадиган оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган танқидий мақолаларга расмийлар, мутасаддилар, ваколатли идоралар томонидан жўяли жавоб қайтариш умуман кун тартибидан чиқиб кетди (“XXI аср”, 29 март).

Негаки ОАВ, айниқса, босма нашрларни Ўзбекистондаги аксар раҳбарлар, вазиру ҳокимлар, ҳатто матбуот хизмати ходимлари ҳам ўқимаяпти. Кейинги пайтларда мамлакат босма нашрларида халқни қийнаётган кўплаб муаммолар кўтарилмоқда, “ғалвали” мавзуларда “тишли” мақолалар чоп этилмоқда.

Аммо расмий идоралар кўтарилаётган муаммоларни ечишга ҳаракат қилмаяпти.

“Матбуоти эркин бўлмаган жамиятда нималар рўй бериши мумкинлигини яқин тарихимиздаги аччиқ тажрибаларимиз исботлаб турибди. Матбуот эркин бўлса-ю, ўзига ўзи саннаб ётаверса, биров отинг нима демаса, бунинг ҳам қудуққа ташланган тошдан фарқи қолмаслигини бугунги жараёнлар кўрсатмоқда” деб ёзади газета.

Генерал-майор Р.Жўраев: “Ички ишлар ходимларини истаганча ҳақорат қиламан деганлар адашади”

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимларини ҳақоратлайдиган, уятли сўзлар ёзадиган кишилар жазоланади (“Оила даврасида”, 29 март).

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев очиқ мулоқотда маълум қилган. Қайд этилишича, ИИББ қошида ташкил этилган Ахборот мультимедиа маркази ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиб боради.

“Агар кимда ким мени барибир топа олишмайди ва истаганча ички ишлар органи ходимини ҳақорат қиламан, унга туҳмат қилавераман, деб ўйласа қаттиқ янглишади” деган генерал-майор Р.Жўраев.

ИИББ хабарига кўра, ижтимоий тармоқда соҳа вакилларини ҳақорат қилганларни жазолаш бошланган. Масалан, 20 март куни ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳар ИИББ ходимининг автомобилни бошқариб кетаётиб, телефонда сўзлашаётгани акс этган сурат жойлаштирилган.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳақоратли изоҳлар ёзган Янгийўл туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган Станислав Х. ҳамда Юнусобод туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Музаффар А. исмли шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилган.

Қиш қаҳратонида аҳолини кўмир ва газсиз қолдирган жиноий гуруҳлар фош қилинди

Наманган вилоятида аҳолига имтиёзли нархда кўмир ва газ тарқатиш тизимида талон-тарожлар аниқланди (“Ҳуқуқ”, 2018 йил 12-сон).

Вилоятдаги Чортоқ кўмир омбори мудири Рустам Жабборов бир тоннаси 156 минг сўм бўлган кўмирни бир неча баравар қиммат нархда сотиб келган. Маҳаллаларга кўмир имтиёзли нархда етказилгани ҳақидаги ҳужжатлар эса сохталаштирилган. Шу тариқа, мансабдор ва унинг қўл остидагилар чўнтакларини қаппайтиришган, аҳоли эса қиш совуғида кўмирсиз қолган.

Попда эса “Водийгазтаъминот” туман филиали раҳбари, омбор мудири, бош ҳисобчи ва абонент бўлими бошлиғидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинган.

Жиноий гуруҳ 1 килограмми 644 сўм 70 тийин бўлган суюлтирилган газни аҳолига 14 минг сўмдан сотиб, бир неча йил давомида минглаб одамларнинг маблағини ўзлаштириб келган.

Бундан ташқари, филиал омборидаги 248 миллион сўмлик газ баллонлари, аҳолидан йиғилган 115 миллион сўмдан ошиқ маблағ ҳам ҳужжатлар сохталаштирилган ҳолда ўмарилган. “Водийгазтаъминот” Поп тумани филиали раҳбарларнинг бошқа жиноятлари ҳам аниқланган.

XS
SM
MD
LG