Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:41

Ироқда ИШИД устидан ғалабадан сўнг илк бор парламент сайловлари ўтмоқда


12 май куни Ироқда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Бағдод “Ислом давлати” жангари гуруҳи устидан ғалаба қозонганини эълон қилганидан бери мамлакатда илк маротаба парламент сайловлари ўтказилмоқда.

Сайловолди сўровлар Ироқнинг Бош вазири Ҳайдар ал-Абадий рақибларидан бир оз олдинда эканлигини кўрсатди.

Абадий асос солган “Ғалаба” альянсининг рейтинги ўтган йилнинг декабрь ойида “Ислом давлати” устидан ғалаба қозонилгани эълон қилинганидан кейин сезиларли даражада кўтарилди. 2014 йил “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи Ироқ ҳудудининг учдан бирини бошқариб турган пайтлар ҳам бўлган.

Сайловолди сўровлар, шунингдек, Абадий ўтган йилда мамлакатнинг автоном курд ҳудуди мустақиллик эълон қилишини куч билан тўхтатгани учун сайловчилар орасида рейтинги ошганини кўрсатди. Аммо бош вазир мамлакат иқтисодини ривожлантира олмагани учун танқидга учраб келади.

Қолаверса, Абадий сайловда ғалаба қозониш учун фақат шиалар қўлловига таяна олмайди, чунки бугунги сайловда мамлакатдаги шиалар уч рақиб номзодга овоз бермоқда.

Шиалар бир овоздан Абадийни қўлламаётган бўлса-да, “Ислом давлати”дан озод этилган ҳудудлардаги суннийлар ҳам вазирни қўлламоқда.

Абадийнинг икки асосий рақиби ҳам шиа бўлиб, уларнинг бири собиқ бош вазир Нурий ал-Маликий ҳамда Эрон дастаклаб келаётган ҳарбий қўмондон Ҳадий ал-Амирийдир. Ҳар икки номзод Абадийга солиштирганда Теҳронни кўпроқ қўллайди.

Танқидчилар Маликий бош вазир бўлганида шиапараст сиёсат олиб бориб, мамлакатни бўлганини, натижада суннийлар орасида “Ислом давлати”ни қўллаганлар сони ошганини айтиб келади.

Қайта бош вазир курсисига ўтириш учун курашаётган Маликий Ироқ ҳукуматида шиалар ролини яна бир бор оширишни ваъда қилган.

Яна бир шиа номзод Амирий эса Эронда туриб Саддам Ҳусайнга қарши узоқ йиллар курашган ва форс тилини жуда яхши билади.

Амирий “Бадр” ташкилотининг етакчисидир. Ташкилот “Ислом давлати”ни мағлуб қилишда Ироқ ҳукумати кучлари ҳамда АҚШ етакчилигидаги коалиция билан бир қаторда муҳим роль ўйнаган.

Амирий жанг майдонида олган тажрибасига таянган ҳолда давлатни бошқармоқчи. Агар у ғалаба қозонса, бу Теҳрон учун катта ютуқ бўлади. Эрон Ироқ ва умуман минтақада ўз таъсирини оширишга курашиб келади.

Саддам Ҳусайн ҳукумати 2003 йилда ағдарилганидан кейин, давлат лавозимлари норасмий равишда Ироқнинг уч асосий этник ва диний гуруҳи ўртасида бўлиштирилган эди.

Бош вазир лавозимига шиа, парламент спикери лавозимига сунний, рамзий президент лавозимига эса курд номзод тайинланди. Бу уч лавозимнинг ҳар бирига номзодларни парламент тайинлайди.

Бугунги сайловда 7 минг номзод, жумладан, 2 011 нафар аёл киши парламентдаги 329 ўрин учун беллашмоқда.

Шиалар бўлиниб кетгани учун бирор партия ўзи мустақил ҳукумат тузиши эҳтимолдан холидир.

Расмий маълумоларга кўра, Ироқда 22,2 миллион сайловчи бор. Сайлов натижалари 13 май куни эълон қилинади.

Ироқ расмийлари сайлов арафасида хавфсизлик чораларини кучайтирди. Ўтган ойда “Ислом давлати” сайлов участкаларига ҳужум қилишини айтиб таҳдид солган эди.

Шу сабаб бугун сайловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун 900 минг полиция ходими ҳамда ҳарбий сафарбар қилинди. 11 май куни кечга бориб мамлакатдаги аэропортлар ҳам ёпилди.

XS
SM
MD
LG