Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2018, Тошкент вақти: 04:34

Тбилисида тунги клублардаги рейдга қарши намойиш бўлди (ВИДЕО)


12 май куни кеч Грузия пойтахти Тбилисида минглаб одам пойтахтдаги икки машҳур тунги клубда ўтказилган полиция рейдларига қарши намойишга чиқди.

Намойишчилар полиция ошиқча куч ишлатганини айтиб, ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилди.

Намойишда қатнашган айрим шахслар эса гиёвҳанд моддалар қонунийлаштирилишини ҳам талаб қилди.

11 майдан 12 майга ўтар кечаси ўтказилган рейдни қоралаб 12 май куни тақрибан 4000 одам Грузия парламенти олдида тўпланди. Кўпчилик рейдлар давомида полиция ходимлари ошиқча куч ишлатганини қораламоқда.

Тунга яқин намойишчилар сони ошди ва намойиш режалаштирилмаган кечага айланди: баланд мусиқа янграй бошлади, чодирлар тикилди.

Ички ишлар вазирлиги “Басиани” ҳамда “Галерея” клубларида ўтказилган рейдлар давомида гиёҳванд модда тарқатишда айбланган саккиз гумонланувчи қўлга олинганини билдирди. Уларнинг икки нафари кейин қўйиб юборилган.

Рейдларга Тбилисида кейинги ҳафталарда гиёҳванд моддалар туфайли бир неча одам ҳалок бўлгани туртки бўлгани айтилмоқда.

Айримлар полиция гиёвҳанд моддаларни клубга борганлар чўнтагига атайин ташлаб қўйганини иддао қилди.

“Грузия демократия ташаббуси” нодавлат ташкилоти етакчиси Георгий Мшвениерадзе Грузияда айримлар клубларни аморал ва ахлоқсиз жой ўлароқ кўришини таъкидлади.

- Бу яхши эмас. Бундан-да ёмони, ҳукумат ўйин ўйнашни бошлади ва жума куни кеч саккиз нафар одамни қўлга олиш учун тунги клубни бир неча юз махсус кучлар ходимлари билан штурм қила олишини кўрсатди, - деди фаол.

Грузиядаги бир неча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳукуматни амалиётни амалга оширганларни жавобгарликка тортишга чорлади.

Бу гуруҳлар ўтказилган рейдлар инсон ҳуқуқларининг бузилишига тенг эканини айтишди.

Тбилиси мэри Каха Каладзе 12 май куни журналистларга тунги клублар ўз фаолиятини давом эттиришини, аммо гиёҳванд моддалар савдоси жиддий хавотир туғдиришини айтди.

- Ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ҳалок бўляпти. Ҳозир парламент олдида турган ёшлар бизни қўллаб, гиёҳванд модда сотувчиларга қарши бирга курашишларига ишонаман, - деди мэр.

XS
SM
MD
LG