Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:12

Роғун ГЭСи қурувчиларига рўза тутмасликка рухсат берилди


Тожикистон имомлари Роғун ГЭСИ ишчиларига рўза тутмаслик борасида тавсия беришди. Руҳонийлар делегацияси Роғун ГЭСига ташриф буюрганларидан сўнг Тожикистон Ислом Марказининг фатвоси чиқди.

Тожикистон Ислом Маркази уламолар Кенгаши раисининг ўринбосари Усмонали Нуровнинг 21 май куни маълум қилишича, фатво шариат аҳкомлари асосида муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода томонидан чиқарилган.

«Биз қурилиш майдони ва тоннелга борганимизда бу каби шароитларда рўза тутиб бўлмаслигига амин бўлдик. Кун иссиқ, ҳаво дим, оғир меҳнат… Кўпчилик оғир шароитларда 300 метрдан ортиқ чуқурликда меҳнат қилмоқда. Муфтий фатво чиқарди ва ишчиларни бу фатво билан таништирди. Фатвога кўра, қурувчилар ўзларига қулай вақтда рўза тутишлари мумкин», - деди Усмонали Нуров.

Роғун ГЭСи қурилишига 20 мингга яқин киши жалб қилинган. Уларнинг кўпчилиги икки сменада 15 кундан ишлашади. Уламолар Кенгашининг фикрича, қурувчилар кейинги 15 кунда ёки кейинги Рамазон ойига қадар ўзлари учун қулай бўлган вақтда рўза тутишлари мумкин.

Рамозон ойида рўза тутиш ислом фарзларидан биридир. Мазкур ой давомида мусулмонлар саҳардан шомга қадар овқат емаслиги, сув ичмаслиги, жинсий яқинлик қилмаслиги, тилини ёмон сўзлардан тиймоқлиги, қалбини эса ёмон ниятлардан пок тутмоғлиги шарт.

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG