Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:49

Кремль танқидчиси журналист Аркадий Бабченко "суиқасддан" тирик қолди


Журналист Аркадий Бабченко суиқасддан омон қолган. Журналистнинг ўзи Украина хавфсизлик хизматида ўтказилган брифингда ҳозир бўлди.

Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Грицак 30 май куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида журналист Аркадий Бабченкога қарши суиқасд Россия махсус хизматларининг буюртмаси бўлгани, суиқасд ижрочиларини қўлга олиш учун эса Бабченконининг ўлдирилиши сахналаштирилганини айтди.

"Ҳозирча тирикман!"

Бабченко Украина Хавфсизлик хизматида ўтказилган брифингида журналистлар олдида ҳозир бўлди.

Унинг айтишича, мазкур иш икки ой давом этган. Унга бир ой аввал "сенга буюртма бор" деб айтишган.

"Мени ўлдиришга буюртма бор деб айтишди. 40 долларни ўтказишган. Ҳужжатларни, паспорт маълумотимни, фотосуратимни кўрсатишди. Фақат мени паспортимда бор фотосурат эди. Маълумот Россиядан юборилганини шундан ангалса бўлади. Чунки бу маълумот фақат Россия махсус хизматлари ихтиёрида ва фақат паспорт столида бўлган", - деди Бабченко 30 май куни ўтказилган брифингда.

Бабченко ўзига қарши суиқасд ҳозирлангани ҳақида билгач Украина хавфсизлик хизматларининг уни ўлдига чиқариш кўзда тутилган махсус амалиётда қатнашишга рози бўлганини айтди.

"Мен ўз вазифамни бажардим. Ҳозирча тирикман. Чучварани хом санашибди", - деди Бабченко.

Бабченко Украина Хавфсизлик хизматида 30 май куни ўтказилган матбуот анжуманида.
Бабченко Украина Хавфсизлик хизматида 30 май куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Суиқасд

Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлган Аркадий Бабченко сешанба куни ўз хонадони бўсағасида отиб кетилгани хабар қилинганди.

Украина расмийлари 29 май куни Бабченкога уйи олдида номаълум шахс ўқ узгани, укасалхонага олиб кетилаётганида “Тез ёрдам” машинасида вафот этгани тўғрисида хабар қилган эди.

Украина полицияси "қасддан одам ўлдириш" моддаси бўйича жиноят иши очган. Полиция Бабченко касбий фаолияти туфайли ёки гражданлик позицияси важидан ўлдирилган бўлиши мумкин, деган иккита таҳминни олға сураётган эди.

Бабченко Россиянинг амалдаги раҳбариятини кескин танқид қилувчи журналист сифатида танилган эди. Ўтган йили у "сиёсий босимлар" туфайли Россияни тарк этишга мажбур бўлган.

41 ёшли журналистнинг ўлими тўғрисидаги хабарлар Москва ва Киев ўртасидаги кескин муносабатларни янада таранглаштирди.

Украина бош вазири Владимир Гройсман Facebook саҳифасида “Мен аминманки, Россия тоталитар тузими унинг ҳалоллиги ва принципиаллигини кечира олмади”, деб ёзди.

Айни пайтда Москва Россия ўз фуқароларига нисбатан зўравонликларни жазосиз қолдирмаслигини билдириб, Бабченконинг ўлдирилиши юзасидан Тергов қўмитаси жиноят иши очганини маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Украина ҳукуматидан қотиллик юзасидан барча имкониятларни ишга солган ҳолда тезкор тергов ўтказиш” талаб этилган баёнотни эълон қилди. Москва “халқаро агентликлар ва ташкилотлар тергов жараёнини ўз назоратига олиши”га умид билдирди.

Киев полицияси камида бир нафар гувоҳ кўрсатмаларига таянган ҳолда Бабченкога ўқ отишда гумонланаётган шахснинг фотороботда ишланган суратини эълон қилди.

Бабченконинг Киевдаги ҳамкасблари қотиллик Россия махсус хизматлари томонидан уюштирилган бўлиши мумкин, деган тахминни олға сурмоқдалар.

Москвада нашр этиладиган “Новая газета”нинг собиқ бош муҳаррири Дмитрий Муратов Аркадий Бабченконинг ўлдирилиши Россиядаги энг таниқли шарҳловчилардан бўлган Анна Полтиковскаянинг ўлдирилишига ўхшашиб кетишини айтди. Политковская ҳам 2006 йилда ўз уйи олдида отиб кетилган эди.

Бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Аркадий Бабченконинг ўлдирилишини қораладилар ва Украина ҳукуматини тезкор равишда қотилни топиб, унга адолатли жазо белгилашга чақирдилар.

XS
SM
MD
LG