Украина президенти Петр Порошенко баёнот бериб, Украина хавфсизлик хизмати(УХХ) томонидан ўтказиладиган амалиёт мобайнида россиялик журналист Аркадий Бабченконинг ўлими саҳналаштирилишини билганлигини айтди.
"Маъмуриятдан ҳеч ким буни билмасди, аммо мен хабардор эдим. Бошқача бўлмаслигига мен мутлақо ишонардим", - деди Порошенко Бабченко билан учрашувда. Учрашувда шунингдек, Украина бош прокурори Юрий Луценко ва УХХ раҳбари Василий Грицак ҳам иштирок этди. Учрашув борасидаги видеоёзув президент Порошенконинг Фейсбукдаги расмий саҳифасида эълон қилинди.
Россия ҳудудларидан журналистга уюштирилган ҳужум - бу Украинадаги вазиятни беқарорлаштиришга, ҳукуматнинг самарасизлигини кўрсатишга ва сўзсиз, Россия қўрқадиган инсонни ўлдиришга қаратилган истакдир, - дея баёнот берди Порошенко. У УХХни Бабченконинг “ҳаётини сақлаб қолиш учун ўтказилган ёрқин амалиёти” билан табриклади ҳамда журналист ва унинг оиласини туну кун қўриқлаш борасида кўрсатма берди.
Киевда россиялик журналист Аркадий Бабченко ўлдирилгани борасидаги хабар 29 май куни пайдо бўлди. Эртаси куни журналист тирик экани маълум бўлди. У Украина Хавфсизлик Хизмати томонидан ўтказилган брифингда пайдо бўлди. Бабченконинг ўлдирилиши УХХ томонидан ўтказилан махсус амалиёт доирасида саҳналаштирилди.
Украина Хавфсизлик хизмати қотилликка тайёргарлик кўрган гумондор ҳибсга олингани борасида баёнот берди, таъкидланишича, унга 30 минг доллар берилган. У Украина фуқароси бўлиб, УХХ маълумотига кўра, у Россия махсус хизматлари томонидан ёлланган. Таъкидланишича, Россия махсус хизматлари томонидан Бабченко ўлдирилишидан ташқари Киевда террорчилик ҳодисасини ҳам режалаштиришган.
Теракт сифатида кўрилаётган “Қасддан уюштирилган қотиллик” бўйича жиноий иш полиция томонидан 29 май куни очилди. Терговни Украина Хавфсизлик хизмати олиб бормоқда, дея хабар берди махсус хизматларига таянган ҳолда "Украинские новости" (“Украина янгиликлари”) ахборот агентлиги.