Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:26

Рустамбанк: Мени суд қилишларини талаб қиламан (ВИДЕО)


Рустамжон Усмонов Москвадаги Ислом Каримов скверида якка пикетда
Рустамжон Усмонов Москвадаги Ислом Каримов скверида якка пикетда

Москва полицияси Ўзбекистондаги илк хусусий банк асосчиси Рустамжон Усмоновга Ўзбекистон элчихонаси олдида футбол бўйича Жаҳон чемпионати якунига қадар норозилик пикети уюштиришга рухсат йўқлигини билдирди. Халқ орасида "Рустамбанк" номи билан танилган тадбиркор уни 19 йил қамоқда сақлаган амалдорлар жазога тортилишини талаб қилмоқда. Ўзбекистон элчихонаси эса тадбиркорнинг талабларидан хабари йўқлигини билдирди.

14 июнь куни таниқли ўзбекистонлик тадбиркор, республикадаги илк хусусий банк таъсисчиси Рустамжон Усмоновнинг Фейсбук саҳифасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаати пайдо бўлди.

Каримов даврида умрининг 19 йилини панжаралар ортида ўтказиб, мамлакатда энг узоқ қамоқда сақланган сиёсий маҳкумлардан бири сифатида танилган Рустам Усмонов Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида якка пикет ўтказишини эълон қилди.

"Мен Москвада. 15 июндан Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги погондаги порахўрларга қарши норозилик акцияси бошланади... Суд ва терговсиз прокурорлар мени суднинг сохта ҳукми билан 19 йил гаровда сақлашди", деб ёзди иши қайта кўриб чиқилишини талаб қилаётгани ва акция 5 кун давом этишини билдирган ўзбекистонлик тадбиркор.

Аммо 15 июнь куни Узбекистон элчихонаси олдида якка норозилик пикетига чиққан Рустамжон Усмонов элчихона эшигига яқинлашиши биланоқ полиция ходимлари қуршовига олинди.

"Рустамбанк" ваколатхона олдига "Ўзбекистон прокурорлари мени ноқонуний равишда озодликдан маҳрум этишди. Улар мени 19 йил қамоқда ушлашди ва 30 000 000 доллар сўрашди. Очиқ суд маҳкамаси ўтказилишини талаб қиламан!!!" деган ёзувлар битилган плакатни кўтариб чиққанди.

Аммо полициячилар Рустамжон Усмоновга футбол бўйича Россияда ўтказилаётган Жаҳон Кубоги кунларида норозилик намойишлари, якка пикетлар ва норозилик акцияларига Владимир Путиннинг махсус буйруғи билан тақиқ қўйилганини билдиришди.

Шунингдек, бу кун ўзбек элчихонасида Ҳайит байрами муносабати билан иш куни эмаслиги аниқланди.

15 дақиқалик тортишув ва тушунтиришлардан кейин Рустамжон Усмонов пикетни тўхтатишга рози бўлди.

У Озодликка Ўзбекистон элчихонаси олдида акция уюштиришга нима ундаганини тушунтириб берди:

- Пикетга чиқишдан мақсад иккита. Биринчиси, менинг ўша пайтдаги банкимни ноқонуний равишда (Ўзбекистон) Марказий Банк ходимлари ёпган. Ана шу банкнинг ноқонуний равишда ёпилгани учун мен Марказий банк раиси Муҳаммадризо Нурмуродов устидан 165-модда бўйича жиноий иш қўзғатилишини талаб қилиб, Ўзбекистон прокуратураси эшиги олдида сарғайиб ётдим. Улар ҳеч қанақа жиноят йўқ, деб жавоб беришди.

Рустамжон Усмонов 2017 йилнинг февралида 19 йиллик қамоқдан кейин озодликка чиқарилди
Рустамжон Усмонов 2017 йилнинг февралида 19 йиллик қамоқдан кейин озодликка чиқарилди

Менинг иккинчи талабим бор. Мен Бош Прокуратурага 2 йилдан бери қатнайман. Мени жиноят ишимни қайтадан кўриб чиқишлари ва суд қилишларини талаб қиламан. Менинг жиноят ишим қонунга мутлақо зид равишда қўзғатилган, мени ноқонунан қамоққа олишган. Бунинг тагида ҳаммасида порахўрлик ётибди. Ўша пайтда биринчи порани – президент (И.Каримов) номидан 30 миллион долларни Тошкент шаҳар прокурори сўраган бўлса, орадан икки йил ўтиб, 10 минг доллар порани Андижон вилоят прокурори Шамсиев сўраган. Ана ўшалар иккаласи бир бўлиб, мени қамоққа олишган ва буни ҳаммасини марҳум президент номидан қилишган. Шунинг учун мен буни охиригача етказишни хоҳлайман. Айбдорлар аниқлансин, ўлиб кетган одамнинг орқасидан тош отишнинг ҳам кераги йўқ, - деди Рустамжон Усмонов.

Ўзбекистон элчихонасининг Алишер исмли матбуот хизмати вакили Озодликка норозилик акцияси борасида бирор хабари йўқлиги ва Рустамбанк томонидан ҳозирча элчихонага бирор арз-шикоят топширилмагинини маълум қилди.

Иқтисодий жиноятлар содир этганлик айби билан аввалига 1998 йилнинг октябр ойида 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 2012 йилда жазо муддати яна беш йилга узайтирилган таниқли тадбиркор Рустам Усмонов ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ундан 30 миллион долларлик “товон” тўлашга мажбурлашаётгани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

8 йил олдин собиқ тадбиркор Рустамжон Усмонов озодликка чиқарилиши учун “Баркамол авлод” жамғармасига 60 миллион доллар пулни ўтказиб беришни ваъда қилгани тўғрисида хабар қилинган эди.

1948 йили Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилган Рустамжон Усмонов иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, иқтисодий мавзуларда ёзилган 300 дан зиёд монография ва мақолалар муаллифидир.

2017 йилнинг февралида озод қилинган ва бир муддатдан кейин Россия паспортини олган андижонлик Рустамжон Турдиевич бу мамлакатда ҳам тадбиркорлик фаолиятини бошлаганини Озодликка айтганди.

Мақолаларида кичик ва ўрта бизнесни тарғиб қилган Усмоновнинг ўзи 1987 йили Ўзбекистонда асаларичилик ширкатини очганди.

Ёмғир чувалчангларини кўпайтириб сотиб, миллионлар эгасига айланди.

Чувалчанглар ёрдамида биогумус ишлаб чиқаришни йўлга қўйган Рустамжон Усмоновнинг телерекламалари Ўзбекистон давлат телеканалларида мунтазам кўрсатиб бориларди.

XS
SM
MD
LG