Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2018, Тошкент вақти: 01:43

Трамп НАТО саммитидаги иштирокини аччиқ-тирсиқ билан бошлади


АҚШ президенти Трамп (чапда) НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан саммит олдидан сўрашмоқда. Брюссель, 2018, 11 июль.

Брюсселда 11 июль куни НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити бошланди. Саммит олдидан АҚШ президенти Дональд Трамп НАТО аъзоларини кескин танқид қилди.

Хусусан, президент Германияни Россия билан “бир неча миллиард доллар қийматга эга” табиий газ қувурини ётқизишга келишгани учун танқид қилиб, айни дамда АҚШ бу мамлакатни Россиядан ҳимоя қилишини кутишда айблади.

Оқ уй Трампнинг бу кескин шарҳларига қарамасдан, 11 июль куни Германия канцлери Ангела Меркель билан юзма-юз учрашишини билдирди.

Саммит бошланишидан аввал НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан нонушта қилган Трамп Германия “бутунлай Россия бошқаруви остида” эканлигини ҳамда Nord Stream-2 (“Норд Стрим-2”) каби газ лойиҳалари сабабли “Россиянинг асирига” айланганини таъкидлади.

- Биз Германияни ҳимоя қилиб келяпмиз. Францияни ҳимоя қилиб келяпмиз. Ҳаммани ҳимоя қилиб келяпмиз. Бу мамлакатимиз учун адолатдан эмас. Солиқ тўловчиларимиз учун адолатдан эмас, - деди президент.

Трамп НАТОни Nord Stream-2 лойиҳасини қайта кўриб чиқишга чорлади. Лойиҳа Болтиқ денгизи орқали Россияни Германия билан боғлаб, Россия Германияга сотадиган газ кўламини икки баробарга ошириш имконини беради.

Вашингтон ва айрим Европа давлатлари лойиҳа Москванинг ғарбдаги таъсирини оширишини айтиб, унга қарши чиқиб келади.

Трамп шарҳига жавобан Столтенберг НАТО 29 давлатни ўзи ичига олувчи альянс эканлигини, бу давлатлар ҳар-хил бўлишларига қарамасдан, муваффақиятли равишда ҳамкорлик қилиб келаётганларини айтди.

- Ўйлайманки, жаҳон урушлари ҳамда Совуқ уруш бўлингандан кўра бирга бўлганимиз яхши эканлигини англаб етишимизга ёрдам берди, - деди Столтенберг.

12 июлда якунланадиган НАТО саммити ташкилот тарихидаги энг йирик, айни пайтда энг эҳтиросларга бой йиғилиш бўлиши кутилмоқда.

Саммит арафасида АҚШ президенти бир неча маротаба НАТО аъзоларини мудофаа учун етарли даражада маблағ сарфламаётганликда айблади.

10 июль куни Трамп НАТОнинг қолган 28 аъзоси АҚШ альянс учун сарфлаган маблағларни “қайтиб бериши” кераклигини айтди.

Президент, шунингдек, альянсга аъзо қайси давлатлар ўз ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини мудофаага сарфлаш мажбуриятини бажараётгани ҳақида ҳақиқатга яқин бўлмаган иддаоларни ҳам айтди.

НАТО ҳисобларига кўра, ҳозирги суръатда 15 аъзо давлат 2024 йилгача ўз мажбуриятини бажара олади.

НАТО расмийлатига кўра, альянс 2018 йилда мудофаа харажатларини 3,8 фоизга оширади. Саккиз аъзо давлат эса йил якунигача ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини мудофаага сарфлайди.

Нонушта давомида Столтенберг Трамп НАТОга аъзо давлатларни мудофаа харажатларини оширишга ундаб келаётгани самара бераётганини айтди.

Президент Трамп нонуштадан аввал:

- Мен туфайли охирги йил ичида тахминан 40 миллиард доллар маблағ тўплашди. Шундай экан, [НАТО] бош котиби Трампни хуш кўради, деб ўйлайман. У [мени ёқтирган] ягона одам бўлиши мумкин, аммо мен учун бу муаммо эмас, - деган эди.

Саммит арафасида Трампнинг тинимсиз танқидларига жавобан Европа Кенгаши президенти Дональд Туск АҚШ президентига танбеҳ берди.

Туск Трамп Европани ўз мудофаасига етарлича маблағ сарфламаётганликда айблаб, деярли ҳар кун танқид қилиб келаётганини айтар экан, АҚШ президентини ўз ҳамкорларининг қадрига етишга ундади.

10 июль куни Европа Иттифоқи ҳамда НАТО ўртасида ҳамкорлик бўйича янги келишув имзоланиши ортидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Туск:

- Президент Трампга мурожаат қилмоқчиман. ... У узоқ пайтдан бери Европани ўз назарида умумий мудофаа учун етарлича маблағ сарфламаётганимиз ҳамда АҚШ ҳисобига яшаётганимиз учун деярли ҳар куни танқид қилиб келади. Ҳурматли президент Трамп, Америкада Европадан яхшироқ ҳамкори йўқ, бўлмайди ҳам, - деди.

- Ҳурматли Америка, ўз ҳамкорларингизнинг қадрига етинг. Ахир, улар сизда кўп эмас, - дея қўшимча қилди Туск.

Икки кунлик саммит давомида Украина можароси, Македониянинг Греция билан давлат номи бўйича келишувга эришгани, альянснинг Афғонистондаги миссияси ва бошқа кўплаб масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG