Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2022, Тошкент вақти: 20:44

Атамбаев Раим миллионнинг лавозимига қайта тикланишини "ўч олиш" деб баҳолади


Раим Матраимов

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев “Раим миллион” деган ном билан танилган Раим Матраимов суд ҳукми билан яна лавозимига тикланганини амалдаги ҳукуматнинг сиёсий оппонентлардан “ўч олиш амалиёти” сифатида баҳолади.

Атамбаев Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди Матраимовни лавозимига тиклаш тўғрисида 25 июлда қабул қилган қарорга муносабат билдирар экан: “Афсуски, президент Жээнбековга шахсан ва 31 мартдаги оммавий чиқишимда қилган огоҳлантиришларим ҳамда маслаҳатларим эътиборга олинмади... Сиёсий оппонентларга қарши коррупцияга нисбатан ишончли кураш ниқоби остида олиб борилаётган репрессиялар давлатни ва у эълон қилган коррупцияга қарши курашни дискредитация қилмоқда”, деб билдирди.

Собиқ президент фикрича, Раим Матраимовнинг ишга қайта тикланиши янги президент Жээнбеков даврида коррупцияда айбланиб қамоққа олинган Атамбаевнинг энг яқин маслақдошлари – собиқ бош вазир Сапар Исақов, божхонанинг собиқ бошлиғи Қуваничбек Қулматов, Бишкек шаҳар собиқ мэри Албек Ибраимов ва бошқаларни обрўсизлантириш ва “ўч олиш” ҳаракатидир.

Қирғизистон божхона хизмати бошлиғининг ўринбосари бўлган Раим Матраимов 2017 йилда Алмазбек Атамбаев президент сифатида энг охирги иш кунини якунлаётган пайтда ишдан олинган эди. Ўша пайтдаги Бош вазир Сапар Исақов буйруғида Матраимов ҳукумат ишончини йўқотгани учун лавозимидан бўшатилгани қайд этилган.

Сиёсий таҳлилчи Алмазбек Акматалиев собиқ президент Атамбаевнинг баёноти тушунарсиз эканини айтади:

-Унинг божхона бошлиғи ўринбосари бўлиб тайинланишида шахсан Атамбаевнинг ҳиссаси бор. Агар Раим миллион коррупционер бўлса, нега Атамбаев уни олти йил лавозимида сақлаб турди? Нега унинг бойишига Атамбаев шароит яратиб берди? Мана шу саволлар очиқ қолмоқда, -деди таҳлилчи.

Қирғиз парламентининг собиқ депутати Мээрбек Мискенбаев эса Атамбаевнининг сўзларида жон бор деб ҳисоблайди:

-Сапар Исақовни Раим миллионни ишдан олганлари учун қамадилар. Божхона бошлиғи Қулматовни ҳам Матраимовнинг ишларини фош этгани учун қамашди. Амалдаги президент Жээнбековнинг кооррупцияга қарши курашаётгани тўғрисидаги гаплари эртак холос,-деди собиқ депутат.

Қирғизистонлик фаолларнинг асосий қисми Раим Матраимовнинг суд томонидан лавозимига қайта тикланишини мамлакатда коррупцияга қарши курашга берилган катта зарба, президент сиёсатига хоинлик сифатида баҳоламоқдалар.

Қирғизистон ҳукумати ҳозирча суднинг бу қарорига муносабат билдирмади. Ҳукумат матбуот химзатининг билдиришича, ҳозирча қарор маъмуриятга етиб келмаган.

“Қарорни ҳукуматга етиб келганидан сўнг муносабат билдирилади. Ҳукуматнинг юқори суд инстанцияларига шикоят аризаси киритиш ҳуқуқи бор”, деди ҳукумат матбуот котиби Чингиз Эсенгулов.

XS
SM
MD
LG