Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2018, Тошкент вақти: 17:45

АҚШ пастор Эндрю Брансон озод этилмаётгани ортидан Туркия вазирларига санкция жорий этди


АҚШ президенти Дональд Трамп 26 июлда Туркияга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкинлигини айтган эди.

АҚШ Туркиянинг Ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу ва Адлия вазири Абдулҳамид Гулга нисбатан санкциялар жорий этди. Вашингтон уларни америкалик пастор Эндрю Брансонни таъқиб қилишга алоқадор деб ҳисобламоқда.

Июлнинг охирида президент Дональд Трамп агар Туркия Эндрю Брансонни озод этмаса, Анқарага нисбатан санкциялар жорий этилишидан огоҳлантирган эди.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 1 августда бу баёнотларга муносабат билдирар экан:

-Бизга қарши бундай таҳдидлар ҳеч қандай натижа бермайди. Биз АҚШ билан НАТО доирасида энг яқин ҳамкорлигимизни кўрсатдик, биз АҚШ билан Кореяда бирга жанг қилганмиз. НАТО доирасида елкама-елка туриб курашаётган энг яқин ҳамкорига нисбатан бундай ҳаракат қилиш Қўшма Штатларга ярашмайди, -деб айтди.

Туркияда 18 июлда насроний уламо Эндрю Брансон террорчилик ва жосусликда айбланиб қамоққа олинган эди. АҚШ босими остида у 25 июлда уй қамоғига чиқарилган.

Йигирма йилдан кўпроқ вақт Туркияда истиқомат қилаётган пастор ислом уламоси Фатҳулло Гуланга 2016 йилда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтаришини уюштиришда кўмаклашганликда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG