Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2018, Тошкент вақти: 10:48

Россия БМТ санкцияларини бузган ҳолда Шимолий Корея ишчиларини ёлламоқда


Шимолий Кореяда ясалган баллистик ракетани мамлакат раҳбари кўздан кечирмоқда.

Россия ўз ҳудудида Шимолий Кореянинг минглаб ишчисига меҳнат қилиш учун рухсат бермоқда. Wall Street Journal нашрининг 2 августда маълум қилишича, АҚШ расмийлари айни ҳолатда БМТ санкциялари бузилаётганини айтмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлигидан олинган ҳужжатларга асосланиб хабар берилишича, 10 мингдан ошиқ Шимолий Корея ишчиси ушбу мамлакатда рўйхатга олинган.

АҚШ расмийлари бу ҳолни ўтган йил сентябрида жорий қилинган БМТ санкцияларини бузиш деб ҳисобламоқда. Ўша санкцияларда мавжуд меҳнат шартномаларини бузмаслик кўзда тутилган бўлса-да, ҳукуматларнинг Шимолий Корея ишчиларининг ўз мамалкатларида ишлашига рухсат беришни тақиқлайди.

Санкциялардан кўзланган мақсад Шимолий Корея қурол-яроғ дастурини молиялаш учун нақд пул тушумини камайтириш, шу йўл билан Пхеньянга ядро қуролларидан воз кечишга босим ўтказишдан иборат.

Шимолий Кореянинг чет элга ишчилар жўнатиш дастурига кўра, корейс ишчилари пул топиш учун Хитой билан Россияга жўнатилар эди. Ўша ерларда ишлаб топилган пул Пхеньянга юборилар ва унинг аксарият қисмини ҳукумат ўзига олиб қолар эди.

Москва билан Пекин ўтган йили янги ишчиларни қабул қилмасликка рози бўлган, шу тариқа АҚШнинг Шимолий Кореяга қарши кескинроқ санкциялар жорий қилиш тўғрисидаги талабига ён берган эди. Аммо Россия Меҳнат вазирлигининг Wall Street Journal қўлига тушиб қолган ҳисоботида айтилишича, санкцияларга қарамай, камида 700 нафар Шимолий Корея ишчисига рухсатнома берилган.

БМТ расмийлари айрим истисноли ҳолатлари бор санкциялари бузилган-бузилмаганини ўрганиб чиқмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги иш вақти бўлмагани учун изоҳ бериш тўғрисидаги илтимосга жавоб қайтармади.

‒ Россия кўпроқ иш қилиши кераклиги кундай равшан. У Қўшма Штатлар билан муносабатларини яхшилашни истамоқда, бинобарин буни Москва барча давлатларга таҳдид солаётган соҳада бизга қарши иш қилиб эмас, ҳамкорлик қилиб исботлаши керак, ‒ деди АҚШ Давлат департаменти воизи Рейтер ахборот агентлигига. ‒ Ҳисоб-китобларга кўра, Россияда меҳнат қилаётган Шимолий Корея ишчилари ҳар йили Пхеньянга 150 – 300 миллион доллар жўнатади. Энди Россия чора кўрадиган вақт келди: Москва ўзи имзолаган БМТ санкциялари талабларини зудлик билан ва тўлиқ бажариши шарт.

Қўшма Штатлар Шимолий Кореяни БМТ санкциялари чекловларидан ортиқ даражада нефть импорт қилганликда айбламоқда. Вашингтон ўтган ойда БМТ Хавфсизлик Кенгашига ушбу масала юзасидан Шимолий Кореяга нисбатан айбловларни тақдим этди, аммо Москва билан Пекин ушбу ҳужжатга вето қўйди.

XS
SM
MD
LG