Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:13

Трамп бутун дунёни Эрон билан ҳамкорлик қилмасликка чақирмоқда


Дональд Трамп
Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп 7 август куни бутун дунёни Эрон билан ҳамкорлик қилмаслика чақирди. Шу куни Вашингтон ушбу ислом республикасига “энг оғир санкциялар” жорий қилди. Ушбу баёнот Теҳронда ғазаб ва қўрқувга сабаб бўлди.

Трампнинг май ойида Теҳрон билан унинг ядро дастури бўйича 2015 йилда имзоланган битимдан чиқиб кетиши сармоядорларни чўчитиб қўйди. Бу ҳам етмагандай, ҳали санкциялар қайта жорий қилинмасидан бурун миллий пул бирлиги риалнинг қадри тушиб кета бошлади.

АҚШ долларидан фойдаланиш ҳамда автомобиль ишлаб чиқариш ва гиламдўзлик сингари муҳим соҳаларга қарши қаратилган янги санкциялар зум ўтмай иқтисодиётни ларзага келтириши даргумон.

Эрон бозорлари бир зарб билан барбод бўладиган даражада заиф эмас. Боз устига, якшанба куни ҳукумат чет эл валютасини алмаштириш қоидаларини юмшатди ҳамда олтин ва чет эл валютасини чекланмаган тарзда олиб киришга рухсат берди. Натижада риалнинг қадри 20 фоиз ошди.

Аммо санкцияларнинг 5 ноябрдан кучга кирадиган иккинчи туркуми Эрон иқтисодиётига кўпроқ зарар етказиши мумкин, чунки у нефть соҳасига тааллуқли бўлади. Хитой, Ҳиндистон ва Туркия Эрондан нефть сотиб олишни камайтирмаслигини маълум қилди. Аммо бу Эроннинг иқтисодий танглиги олдини тўлиқ олиши қийин.

“Эронга қарши санкциялар расман жорий йилинди. Бу шу пайтгача қўлланган санкцияларнинг энг оғири бўлади ва ноябрь ойида янги босқичга кўтарилади. Эрон билан ҳамкорлик қилганлар Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик ҚИЛА ОЛМАЙДИ. Мен ДУНЁ ТИНЧЛИГИдан бошқа ҳеч нарса сўраётганим йўқ”, деб ёзди Трамп Твиттердаги саҳифасида.

2015 йили АҚШ қатори Эрон билан битим тузган Европа мамлакатлари Трампнинг режасидан қаттиқ ғазабланди. Чунки энди уларнинг йирик компаниялари АҚШ санкцияларидан қўрқиб, Эрондан чиқиб кетишга шошилмоқда.

Трамп душанба куни Эрон билан “янада кенг қамровли келишув”га эришиш учун музокараларга тайёр эканини билдирди.

Лекин Эрон президенти санкциялар амал қилиб турган пайтда музокара қилиш ғоясини рад этди ва Американи Эронни “психологик уруш”га тортаётганликда айблади.

“ШУ ИШ ТЎҒРИ БЎЛМАДИ”

АҚШнинг қайта санкция жорий қилгани Вашингтоннинг иттифоқчиларига ҳам хуш келмади.

Британия ташқи ишлар вазири Алистер Бёрт “Америкаликлар шу ишни нотўғри қилди”, деб айтди.

Унинг Би-Би-Сига айтишича, ядро дастури бўйича битим “нафат минтақа, қолверса, бутун жаҳон тинчлиги учун” муҳим аҳамиятга эга эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили санкциялар қайта жорий қилинганидан “ҳафсаласи пир бўлгани”ни яшириб ўтирмади. Унинг айтишича, Россия 2015 йилги битимни сақлаб қолиш учун “қўлидан келган ҳамма иш”ни қилади.

“БИР ПИЁЛА ЗАҲАР”

Аксарият эронликлар АҚШнинг ўз мамлакатига душманлигини эътироф этади, аммо улар вазиятни изга сола олмаётгани учун ўз раҳбариятидан ҳам норози бўлмоқда.

Нарх-навонинг анчадан бери ошиб бораётгани, ишсизлик, сув танқислиги ва сиёсий ислоҳот ўтказилмаётгани ўтган ҳафтада кўплаб норозилик намойишларига сабаб бўлди. Ахборот олиш кескин чеклангани учун Эрондаги ҳақиқий вазиятни билиш қийин.

Кўпчилик Эрон раҳбарлари “пиёла тўла заҳарни ичиш”га ва пировардида АҚШ билан музокара қилишга мажбур бўлишини айтмоқда.

Эроннинг минтақадаги рақиблари Исроил билан Саудия Арабистони АҚШнинг янги санкцияларини олқишлади.

Хақларо экспертлар янги санкциялар Эрон иқтисодиётига қаттиқ зарар етказишини башорат қилмоқда. Лекин Эрон раҳбарияти ҳам анойи эмас. Уларнинг санкцияларга қарши курашиш тажрибаси етарли. Бинобарин,кейинги икки йилда Эрон ҳукумати ағдарилишини тасаввур қилиш қийин.

XS
SM
MD
LG