Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:03

Осиё ўйинлари: Ўзбекистон олтинчи олтин медални қўлга киритди


Руслан Нуриддинов Рио Олимпиадасида ҳам олтин медални қўлга киритган эди.
Руслан Нуриддинов Рио Олимпиадасида ҳам олтин медални қўлга киритган эди.
Осиё ўйинлари: Ўзбекистон олтинчи олтин медални, Токио-2020 Олимпиадасига илк лицензияни қўлга киритди ва Осиё рекордини ўрнатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00

Оғир атлетика бўйича илк олтин медал ва Осиё рекорди

Индонезияда ўтаётган Осиё ўйинларида 26 август куни ўзбекистонлик Руслан Нуриддинов даст кўтаришда 191кило, силтаб кўтаришда 230 кило, умумий ҳисобда 421кг натижа кўрсатиб олтин медалга сазовор бўлди.

“Ушбу олтин медаль ўзбекистонлик оғир атлетикачилар учун Осиё ўйинлари тарихидаги биринчиси ҳисобланади”, дейилади Миллий Олимпия қўмитаси хабарида.

Айни шу куни Руслан Нуриддинов силтаб кўтаришда 227 кг тош кўтариб Осиё ркекордини ўрнатди.

Нуриддиновнинг медали Ўзбекистон жамоаси Осиё ўйинларида қўлга киритган 6-олтин медал бўлди.

Руслан Нуриддинов Рио олимпиадасида даст кўтаришда 194 кило, силтаб кўтаришда 237 кило тошни ўзига бўйсундириб, Олимпиада чемпиони унвонини қўлга киритган эди.

У силтаб кўтаришда Олимпиада рекордини янгилашни ҳам уддалаган. Бу борада аввалги рекорд (236 кг) Пекин Олимпиадасида беларуслик Андрей Арамнау томонидан ўрнатилганди.

Оғир атлетика бўйича аёллар ўртасидаги мусобақада Омадой Отақўзиева даст кўтаришда 101 кило, силтаб кўтаришда 131 кило, умумий ҳисобда эса 232 кило тошни кўтариб кумуш медалга сазоврр бўлди

Токио Олимпиадасига илк лицензия

25 август куни теннис бўйича мусобақаларда ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин олтин медални қўлга киритган эди.

Денис Истомин мазкур ғалабаси билан 2020 йили Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари лицензиясини ҳам қўлга киритди. Бу Ўзбекистонга Токио олимпиадасида қатнашиши учун берилган илк лицензия бўлди.

Ўзбекистон спорт делегацияси 16 йил ичида илк маротаба теннис бўйича Осиё ўйинларида олтин медалга эга чиқди.

Бунгача 2002 йили Пусан мезбонлик қилган Осиё Олимпиадасида Ирода Тўлаганова олтин медалга сазовор бўлганди.

Медал бўйича умумжамоа ҳисоби

Осиё ўйинларида Ўзбекистон жамоаси жами 28та медалга эгалик қилмоқда. Улардан 6таси олтин, 11 та кумуш ва 11та бронза. Тўққизинчи кун мусобақаларидан сўнг Ўзбекистон делегацияси медаллар бўйича умумий рейтингдаги 8-ўриндан 10-ўринга тушиб қолди.

Ўзбекистоннинг рейтингдаги аввалги ўринларини 9та олтин медални қўлга киритган Таиланд ва 7 та олтин медалга эгалик қилаётган Ҳиндистон эгаллади.

Олтин медаллар: Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш) Никита Рафалович (таэквандо), Мўминжон Абдуллаев (эркин кураш), Шаҳбоз Абдужабборов ва Шаҳбоз Холмурзаев (академик эшкак эшиш). Денис Истомин (теннис), Руслан Нуриддинов (оғир атлетика)

Кумуш медаллар: Дмитрий Шокин (таэквандо), Дарья Латишева (ушу таулу), Рустам Ассакалов (грек-рим кураши), Достон Ёқубов (оғир атлетика), Ниёз Пўлатов (таэквандо), Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиев (академик эшкак эшиш), Оксана Чусовитина (гимнастика), Омадой Отақўзиева (оғир атлетика), академик эшкак эшиш бўйича саккиз кишилик экипаж ( Алишер Яров, Достонжон Бахриев, Ислом Мамбетназаров, Достонжон Хурсанов, Шоҳжаҳон Нажмиев, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов, Анатолий Краснов), Мурод Холмуродов (велоспорт)

Бронза медаллар: Сирожиддин Ҳасанов , Магомед Ибрагимов, Давит Модзманашвили (учаласи ҳам эркин кураш бўйича), Нигора Турсунқулова (таэквандо), Адҳамжон Эргашев (оғир атлетика), Светлана Осипова (таэквандо), Академик эшкак эшиш бўйича тўртлик мусобақаси жамоаси, Садриддин Сайматов (каратэ), Суҳроб Ходжаев (босқон улоқтириш), Барно Мирзаева (каратэ), Абдумалик Салимов (пенчак силат)

Ўзбекистон Осиё ўйинларида Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилик қилмоқда

27 август ҳолатига кўра, Ўзбекистон Осиё ўйинларида медаллар бўйича рейтингнинг 10- поғонасини эгаллаб, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринда бормоқда.

11- ўринни 5 олтин, 8та кумуш, 28та бронза-жами 41 медал олган Қозоғистон эгалламоқда. Марказий Осиё давлатлари бўйича учинчи ўринда Қирғизистон (2 та олтин, 5 кумуш, 9бронза, жами 16та) бормоқда. Осиё ўйинлари рейтингида бу давлат 17- ўринда.

Тўртинчи ўринда 1 кумуш ва 2та бронза медал билан Осиё рейтингида 29-поғонада турган Туркманистон, бешинчи ўринда эса 1та кумуш медал билан Тожикистон бормоқда. Тожикистон Осиё ўйинлари рейтингида 32 ўринда.

Мазкур рейтингнинг биринчи учлигини Хитой, Япония ва Жанубий Корея эгалламоқда.

XVIII Осиё ўйинларига Индонезия пойтахти Жакарта ҳамда Суматра оролидаги йирик шаҳарлардан бири Палембанг мезбонлик қилмоқда.

18 августдан 2 сентябргача давом этадиган ўйинларда 45 мамлакатдан жами 9 704 нафар спортчи 42 та спорт тури бўйича 476 та медал учун курашади.

XS
SM
MD
LG