Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2021, Тошкент вақти: 18:05

Ўзбек ва тожик ҳарбийлари мустақилликдан кейинги энг катта қўшма машқ ўтказмоқда


18 сентябрь куни шимолий Тожикистондаги Чоруқдаррон полигони ва “Нурафшон” ўқув марказида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбийларининг қўшма аксилтеррор машқлари бошланди.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур машқларда 17 мингга яқин аскар, зобит ва ҳарбий хизмат ëшидагилар иштирок этмоқда.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ориф Нозимовнинг Озодликка билдиришича, ушбу машқлар Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари кейинги 27 йил ичида ўтказаётган энг катта қўшма машғулотлардир.

- Мазкур машқларда 100дан ошиқ оғир ҳарбий техника, 300га яқин бошқа техника, ҳарбий вертолётлардан фойдаланилади. Икки босқичдан иборат қўшма ҳарбий машқлар жараёнида танк, замбарак ва бошқа қурол-аслаҳалардан эҳтимолий душман, террорчи гуруҳларга зарба бериш машқ қилинади. Машқлар 21 сентябрь куни якунланади, - деди Ориф Нозимов.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги расмийси қўшма ҳарбий машқлардан мақсад халқаро терроризмга қарши амалиётларни мувофиқлаштириш ва ҳамкорликларни ривожлантиришдан иборат эканини билдирди.

Қўшма ҳарбий машғулотлар Тожикистон ва Ўзбекистон мудофаа вазирликларининг 2018 йил учун ҳарбий ҳамкорликка оид келишув доирасида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон мудофаа вазирлари Абдусалом Азизов ва Шерали Мирзо Тошкентда жорий йил 7 августда ўтган учрашувда икки давлат ҳарбий ҳамкорлигининг 2018 йилга мўлжалланган режасини имзолади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг март ойида Тожикистон пойтахти Душанбега давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасида ҳарбий, махсус юк ташиш ва ҳарбийларни олиб ўтиш бўйича транзитни йўлга қўйишга оид ҳукуматлараро келишув имзоланган эди.

Тожикистон стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Маҳди Собир Озодлик билан суҳбатда икки қўшни давлат хавфсизлигига Афғонистондан “Ислом давлати”, Толибон ҳаракати ва “Ўзбекистон исломий ҳаракати” каби террорчи гуруҳлар таҳдид солаëтганини айтади:

- Тожикистон ва Ўзбекистон қаршисида ҳалқаро терроризм таҳдиди турипти. Баъзи маълумотларга биноан, шимолий Афғонистонда “Ислом давлати” ва Толибон ҳаракати билан бирга “Ўзбекистон исломий ҳаракати” ҳам фаол. Бу террорчи ташкилот сафида ўзбеклару тожиклар жуда кўп. Уларнинг мақсади Тожикистон ва Ўзбекистонга қурол билан қайтишдир¸ дейди Маҳди Собир.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода июль ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шимолий Афғонистонда 10 мингдан ошиқ террорчи, жумладан Марказий осиëликлар жамланганини билдирган эди.

Жорий йилнинг 18 августида Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари биринчи марта махсус тактик ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказган эди.

XS
SM
MD
LG