Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2018, Тошкент вақти: 00:24

Япон миллиардери Илон Маск ракетасида ойга учадиган биринчи йўловчи бўлади


Япониялик 42 яшар миллиардер Юсаку Маезава

Таниқли кашфиëтчи Илон Маск (Elon Musk)нинг SpaceX ширкати ўз ракетасида биринчи бўлиб ойга учиши кутилаëтган хусусий йўловчининг япониялик 42 яшар миллиардер Юсаку Маезава (Yusaku Maezawa) эканини эълон қилди.

SpaceX эълон қилган баëнотга кўра¸ мода дунëсида танилган япон тадбиркорининг Илон Маск ҳали қуриб битирмаган Big Falcon (BFR) ракетасида 2023 йили ойга учиши режаланмоқда.

SpaceX баробарида Tesla электр машиналари ишлаб чиқариш ширкати асосчиси бўлган Маск¸ 17 сентябрь кунги баëнотида Маезавани “бундай саëҳатга жазм қилган ниҳоятда жасоратли одам” деб атади.

Ҳозирча Маск ойга учадиган биринчи хусусий йўловчисининг бу саëҳат учун қанча тўлашини эълон қилмади. Аммо Маезаванинг ўзи Reuters агентлигига ойга учиш учун Жан Мишель Баския суратига тўлаганидан анча кўп тўлашини билдирди. Япон миллиардери Баскиянинг 1982 йилги картинасини 110 миллион долларга сотиб олган эди.

Айтилишича¸ Маезава ойга учадиган ëлғиз йўловчи бўлишни истамаëтгани боис¸ рассом¸ архитектор ва дизайнерлардан иборат ижодкорлар гуруҳини ўзи билан бирга саëҳатга таклиф қилмоқчи.

SpaceX ширкатидан ташқари Amazon асосчиси Жефф Безос( Jeff Bezos) га қарашли Blue Origin ҳамда Ричард Брансон (Richard Branson)нинг Virgin Galactic ширкатлари ҳам фазога хусусий парвоз уюштириш режаси устида ишламоқда.

Ҳолливуд актëри Леонардо ДиКаприо ва қўшиқчи Жастин Бибер Virgin Galactic билан орбита бўйлаб 90 минутлик саëҳат қилиш учун шартнома имзолаган. Бу саëҳат нархининг 250 минг доллар экани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG