Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2022, Тошкент вақти: 02:15

Афғонистонда парламент сайлови худкуш ҳужуми ва техник муаммолар гирдобида ўтмоқда


Парламент сайловининг биринчи куни, Кобул, 20 октябрь, 2018 йил

Афғонистоннинг узоқ вақтдан бери пайсалга солиниб келаётган парламент сайлови худкушлик ҳужумлари, техник ва ташкилий муаммолар гирдобида ўтмоқда. Мамлакатдаги 4 ярим минг сайлов участкасидан 401 тасида овоз бериш, иккинчи кундирки, давом этмоқда. Расмий маълумотга кўра, рўйхатга олинган 9 миллиондан ортиқ сайловчидан 3 миллиони овоз берган.

Полиция бир худкуш 20 октябрда пойтахт Кобулдаги сайлов участкасида портловчи моддаларни ишга тушириб, камида 10 кишининг умрига зомин бўлганини хабар берди. Қурбон бўлганлар орасида полиция ходимлари ҳам бор.

Айрим участкаларда сайловчилар овоз бера олмагани учун у яна бир кунга чўзилди. Афғонларнинг сайлов участкалари вақтида очилмаганидан ҳафсаласи пир бўлди. Бошқа сабаблар қаторида сайлов ўтказаётган ходимларнинг ўз жойида бўлмагани, сайлов материалларининг йўқлиги, сайловчи шахсини биометрик йўл билан аниқлайдиган қурилмаларнинг ишламай қолгани айтилмоқда.

Тартибсизликлар, сайлов участкалари ва хавфсизлик ходимларига уюштирилган ҳужумлар оқибатида сайловнинг биринчи кунида мамлакатда 25 киши қурбон бўлди.

Кобулда уюштирилган портлашлардан 3 киши ўлди, яна 30 дан ортиқ киши яраланди. Ғор вилоятида 11 полициячи, мамлакат шимолидаги Қундуз вилоятида эса 3 киши ўлдирилди.

Мамлакат бўйича 9 миллион сайловчи парламент сайловида овоз бериш учун рўйхатга олинган. Ушбу сиёсий тадбир ҳукуматнинг мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлай олиш қурбини кўрсатувчи улкан синов бўлмоқда.

Мустақил сайлов комиссияси бошлиғи Абдул Боди Сайад масъул ходимлар ёки материаллар кеч етиб борган участкаларда сайлов 21 октябрь куни ҳам ўтказилишини айтган.

Афғонистон Бош вазири Абдулла Абдулланинг ўринбосари Муҳаммад Муҳаққиқ, маҳаллий телевидениега берган интервьюсида, овоз бериш учун соатлаб кутгани, ҳафсаласи пир бўлган сайловчилар участкалардан овоз бермасдан қайтиб кетишидан хавотирга тушганини айтди.

Сайлов участкаси олдида 3000 дан ошиқ эркак ва 2000 га яқин аёл турибди, − деди мамлакат ғарбидаги Ҳирот шаҳрилик киши RFE/RL мухбирига. – Улар нима қилишга ҳайрон. Мутассаддилар сайловчиларни рўйхатга олиш ҳужжатлари етиб келмаганини айтди.

Кобул полицияси вакиллари сайлов участкалари яқинидан қўлбола бомба ва гранаталар топилгани, улардан биттасини зарарсизлантирмоқчи бўлган полциячи яраланганини айтди. Пойтахтдан ташқари, бир неча вилоятлардаги сайлов участкаларида фитналар фош қилинди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги сайловчилар ва участкаларни ҳимоя қилиш учун қўшимча 20 минг нафар хавфсизлик ходимини жалб қилган. Уларнинг жами сони тақрибан 70 минг кишига етди.

Хавф-хатарга қарамасдан, Афғонистон президенти Ашраф Ғани сайловда овоз бергандан сўнг “ҳар бир афғонни, эркакми-аёлми, ёшми-қарими” овоз беришга даъват қилди.

Дастлаб, парламент сайловини 2015 йилда ўтказиш режалаштирилган эди. Аммо сайлов тизимини ислоҳ қилиш борасидаги тортишувлар оқибатида тадбир уч йилга кечиктирилди. Бунга НАТОнинг хавфсизлик учун масъулиятни 2014 йилда афғон кучларига топширгандан сўнг юзага келган беқарорлик ҳам сабаб бўлди.

“Толибон” ҳаракати 20 октябрда сайловчиларни "сохта томошадан иборат сайлов"да қатнашмасликка чақирди.

18 октябрь куни мамлакат жанубидаги Қандаҳор вилояти полицияси раҳбарининг ўлдирилиши ҳукуматнинг сайловни хавфсиз ва шаффоф ўтказа олишига шубҳа уйғотди. Айни дамда Афғонистондаги 34 та вилоятнинг 20 тасида ҳукумат қўшинлари жангариларга қарши кураш олиб бормоқда.

“Толибон” ва Ислом давлати жангарилари депутатликка номзодлар, сайловолди кампанияси тадбирлари ва хавфсизлик хизматлари раҳбарларини худкушлик ҳужумлари, мотоциклларга ўрнатилган бомбалар, автомобилдан ўққа тутиш билан нишонга олмоқда.

20 октябрь куни мамлакатнинг турли ҳудудларидаги “Толибон” назоратида бўлган 10 туманда сайлов ўтказилмади.

Афғонистон парламентининг “Волиси Жирға” деб аталувчи қуйи палатасидаги 249 та ўрин учун 2500 дан ошиқ номзод рақобатлашмоқда. Ўша номзодларнинг 417 нафари аёлдир.

XS
SM
MD
LG