Линклар

Шошилинч хабар
18 июл 2019, Тошкент вақти: 12:10

Мигрантлар Тула кўчаларидан асирлардек олиб ўтилди (ВИДЕО+ФОТО)


Туладаги облавалар ("Тульские новости" АА фотоси)

Россиянинг Тула шаҳрида Росгвардия ва полиция олиб борган рейдлар натижасида асосан ўзбекистонлик ва тожикистонлик бўлган 300 зиёд муҳожир ушланди. Махсус амалиёт давомида мигрантларни ҳарбий асирлар каби “конвой” қилинаётгани акс этган фотосуратлар жамоатчилик ғазаби ва эътирозларини уйғотди.

2018 йилнинг 20 октябридан Тула шаҳрининг Хлебний майдонидаги бозор ва унинг атрофидаги кўчаларда оммавий текширувлар ва облавалар ўтказилди.

Соат эрталабки 10-ларда бошланган ва “ноқонуний меҳнат муҳожирларини аниқлашга” қаратилгани айтилган амалиётда маҳаллий полиция, Росгвардия, ФСБ, ОМОН ва СОБР тезкор гуруҳлари иштирок этди.

Бозор ҳудуди ва ён атрофдаги Пирогова ва Каминского кўчаларида ушланган 300 яқин шахс кўздан кечирилиб, автобусларда туман полиция бўлимига олиб борилди.

20 октябрдаги рейдларда ушланган мигрантлар (("Тульские новости" АА фотоси)
20 октябрдаги рейдларда ушланган мигрантлар (("Тульские новости" АА фотоси)

Махсус амалиёт ўтказилганини тасдиқлаган Тула вилояти Ички ишлар бошқармасида рейддан кўзланган мақсад – “Россия ҳудудида ноқонуний яшаб келаётган ёки бошқа миграция қоидаларини бузаётган хорижлик шахсларни аниқлаш” эканини Озодликка билдиришди.

Бироқ, жамоатчилик эътиборини “Тульские новости” ахборот агентлиги сайтида чоп этилган фотосуратлар ўзига жалб қилди. Унда Тула бозори атрофида ушланган 200 яқин қўллари бир-бирининг елкасига қўйилган меҳнат мигранти, жумладан аёлларнинг маскадаги полициячилар “конвой” қилаётганини кўриш мумкин.

Орқама-кетин бир қаторга терилган муҳожирлар маҳаллий гражданлар кўз олдида жиноятчилар каби олиб кетилаётгани кўпни кўрган ҳуқуқ ҳимоячилари ва оддий гражданларни ҳайратга солди.

Полиция сўзи билан айтганда, “зачистка”дан кейин бозор ва шаҳарнинг бошқа жойларида ишлаётган бир қанча корхона, асосан ошхоналар, вақтинчалик ёпилди.

Тула полицияси рейдлар давомида ота-онаси ишда бўлган мигрантлар фарзандлари учун нолегал “болалар боғчаси” аниқланганини ҳам маълум қилди.

“Туланинг Пирогова кўчасидаги турар-жой ҳовлиларидан бирида хориж гражданларининг турли ёшдаги фарзандлари аниқланди. Улар антисанитария шароитларида ва катталар қарамоғисиз экани маълум бўлди. Ҳодиса жойига зудлик билан вояга етмаганлар ишлари бўйича бўлим ходимлари чақиртирилди”, дейилади Тула Ички ишлар бошқармаси хабарномасида.

Ҳозирда махсус приёмникларга жўнатилган болаларнинг ота-оналари аниқланмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тулалик ҳуқуқ мухофазачилари рейдларини “фашистлар” ва “нацистлар” ҳатти-ҳаракатларига қиёслашди.

Туладаги полиция “зачисткаси”ни кузатиб борган мигрантлар ҳимоячиси Каримжон Ёров шаҳар кўчаларида фақат кўриниши славян бўлмаганлар ушланганини айтади:

- Туладаги оммавий ушлашлар гўёки аллақандай “расмий рейд” асосида олиб борилган. Аммо улар бу рейднинг асл мақсади нима экани борасида ҳозиргача тушунтириш беришгани йўқ. Полиция мигрантларни фақат бозорда ушлашгани тўғрисида маълумот ҳам ёлғон – текширувлар бутун шаҳар бўйлаб ўтказилди. Уларда Россия гражданлиги борми-йўқми, патент ёки ҳужжатлари жойидами-йўқми: ташқи кўриниши “осиёлик” бўлса бас! Мен гаплашган муҳожирлар ушланганлар сони 300 ошиқ эканини тасдиқлашди. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистон гражданлари эди. Бу рейдлар натижасида рус расмийларининг “90 фоиз мигрант – нолегал ҳолатда” деган гаплари чўпчак экани, шунча ушлангандан атиги 3-4 киши жавобгарликка тортилиши одатий ҳолат, деди Каримжон Ёров.

Рейд давомида 300 зиёд муҳожир ушланди ("Тульские новости" АА фотоси)
Рейд давомида 300 зиёд муҳожир ушланди ("Тульские новости" АА фотоси)

​Ҳуқуқ фаоли бундай рейдлар ва “конвойлар” полициянинг “жўшқин фаолиятини” намойиш қилиш учунгина керак, дейди:

- Бундай вазият бир неча йил олдин Москвада авж олганди. Одамларни худди шундай қурилиш ва бозорлардан қўлларини елкаларига қўйдириб, Москва бўйлаб “кўз-кўз” қилишарди. Маҳаллийлар 1943 йилда фашистларни шундай олиб юришганини ёдга олишди. Фарқи шундаки, фашистлар қўлларини елкаларига қўймасдан, эркин боришган. Қизиғи, доимо бундай облавалар ва рейдлар бирор марказий осиёлик раҳбар Москвага ташриф буюрса ёки аксинча Путин у ерга борса авж олади: рус ҳукумати уларга доимо нимаганидир ишора бераётганидек, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров.

Тула полиция расмий хабарига кўра, олиб борилган рейдлар натижасида ушланганлардан 35 нафари миграция қонунчилигини бузгани, уларга нисбатан 49-та маъмурий протокол тузилди.

Эслатиш жойизки, 2016 йилдан буён Тула вилоятига Владимир Путиннинг шахсий тансоқчиси Алексей Дюмин губернаторлик қилиб келади.

Озодлик Радиоси рус полициясининг мигрантларни шу тариқа “конвой” қилиши бир неча йил олдин оммавий тус олгани борасида гапирганди. Хусусан, 2013 йилда Интернет тармоқларида пайдо бўлган видеода Москва вилоятининг Реутов шаҳрида колонна бўлиб олиб кетилаётган муҳожирлар акс этганини кўриш мумкин эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG