Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2018, Тошкент вақти: 17:51

Тожикистон жинсий тажовуз учун жазони кучайтирмоқчи


Тожикистон расмийлари зўрлаш ва зўрлик билан жинсий тажовуз ҳаракатларини содир этганларга нисбатан жазони кучайтирмоқчилар.

“Куни кеча ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси парламентга юборилди”, деди Тожикистон президентининг юридик масалалар бўйича ёрдамчиси Маҳмадали Ватанзода.

Тузатишлар Тожикистон Жиноят кодексининг 138 (Зўрлаш) ва 139-(Жинсий характерга эга зўрлаш ҳаракатлари) моддаларига тегишли бўлади. Ҳукумат ўз жабрдийдаларига жинсий йўл орқали ОИТСни юқтирган зўравонларга нисбатан бериладиган жазони ҳам кучайтиришни таклиф қилмоқда.

“Қонун лойиҳаси муаллифларининг фикрича, тузатишлар жуда ҳам муҳим бўлиб, жинсий характерга эга жиноятлар даражасини пасайтиришга қаратилган”, дея қайд этди Ватанзода.

Жинсий тажовуз учун ҳозирда Тожикистонда уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилади. Бироқ 14 ёшга тўлмаганларни ёки яқин қариндошини зўрлаганларга эса умрбод қамоқ жазосини қўллашгача бўлган кескин жазолар кўзда тутилган.

Тожикистонлик ҳуқуқ фаоллари зўрлаганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш масаласини бир неча бор кўтариб чиққанлар. Уларга кўра, судлар тажовузкорларга нисбатан жуда юмшоқ ҳукм чиқаради, айрим ҳолларда эса зўрлашда айбланганлар иши судгача ҳам етиб бормайди.

БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш 3 сентябрь куни Тожикистон расмийларини мамлакатда жинсий зўравонлик ва шилқимликка барҳам беришга чақирган. У, зарурият туғилгудек бўлса, бу борада “муросасизлик сиёсати”ни амалга оширишда БМТ тожик ҳукуматига ёрдам беришини ваъда қилган.

XS
SM
MD
LG