Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 08:46

Дунё етакчилари Биринчи жаҳон уруши тугашининг 100 йиллигига Парижда йиғилди


Франция президенти Эммануэль Макрон дунё раҳбарлари билан Парижда, 11 ноябрь, 2018 йил, Париж

Францияда Биринчи жаҳон уруши тугаганининг 100 йиллигига бағишланган маросимлар давом этмоқда.

11 ноябрь куни Парижда бундан юз йил олдин “11 ойнинг 11 кунида, эрталабки соат 11 да” урушга расман барҳам берган тинчлик битими имзоланганининг 100 йиллигига бағишланган маросимда дунёнинг 70 га яқин етакчиси қатнашди.

1918 йилнинг 11 ноябрида тўрт йил давом этган ҳамда камида 10 миллион аскар ва оддий фуқаро умрига зомин бўлган уруш ўз якунига етган эди.

Бугун маросимларга мезбонлик қилаётган Франция президенти Эммануэль Макрон пойтахт Парижда урушда ҳалок бўлган номаълум аскар кўмилган Ғалаба аркаси олдида нутқ сўзлайди.

Бугунги маросимларда Германия канцлери Ангела Меркель, АҚШ президенти Дональд Трамп, Россия президенти Владимир Путин, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳамда бошқа кўплаб давлат бошчилари қатнашади.

10 ноябрь куни Макрон тинчликнинг қадрига етмаслик ёмон оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.

Парижда президент Трампнинг Путин билан қисқа муддатли учрашув ўтказиши ҳам хабар қилинган. Бу борадаги келишувга 23 октябрь куни Москвада Россия президенти билан АҚШ президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон ўртасидаги учрашувида эришилган.

Шунингдек, Россия ва АҚШ раҳбарларининг шу ойга белгиланган катта йигирматалик йиғинида ҳам яна учрашиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG