Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:13

Ўзбекистон ва ЕИ ҳамкорликни янгилаш бўйича музокара бошлади


ЕИнинг ташқи ишлар бўйича олий вакили Федерика Могерини ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Брюссел, 23 ноябрь, 2018 йил
ЕИнинг ташқи ишлар бўйича олий вакили Федерика Могерини ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Брюссел, 23 ноябрь, 2018 йил

Европа Иттифоқи (ЕИ) Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловлар 23 ноябрь куни Брюсселда музокара ўтказди.

ЕИ матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, томонлар 2019 йилда имзоланиши кутилаётган янги ҳамкорликка оид келишув бўйича расмий музокараларни бошлаган.

Баёнотда таъкидланишича, асосан, сиёсий ҳамкорлик, савдо ва сармоявий алоқалар, инсон ҳуқуқлари ва бошқарув соҳасига оид ҳамкорликка қаратилган янги - ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик ҳақидаги битим 1999 йилнинг 1 июлида имзоланган амалдаги битим ўрнини эгаллайди.

"Мен икки бора Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги жараёнларда изчил, амалий иштирокига шахсан гувоҳ бўлдим. Янги келишув ўтказилаётган ислоҳотларни қўллашни давом эттириш, сиёсий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва умумий муаммолар бўйича биргаликда ишлаш, Европа ва Ўзбекистон фуқаролари фаровонлигига ижобий ҳисса қўшишимизга имкон беради", дея иқтибос келтирилади ЕИ комиссари Могеринидан, расмий баёнотда.

Томонлар ўртасидаги асосий музокаралар эса 2019 йилнинг бошига белгиланган.

ЕИнинг Ташқи ишлар бўйича олий вакили ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўртасидаги музокаралар 23 ноябрь куни Брюсселда ўтган “Марказий Осиё – Европа иттифоқи" минтақалараро вазирлар учрашуви доирасида бўлиб ўтди.

Ушбу учрашувда ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатларида қатор соҳаларни ривожлантириш учун 124 миллион евролик сармоя киритиш режаси эълон қилинди.

Учрашувни кузатган Turon24 нашри мухбирининг хабар қилишича, бу сумманинг 88 миллион евроси Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистонда хусусий сектор ва савдо-сотиқни ривожлантириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий дастурларга йўналтирилади.

Шунингдек, ЕИнинг келгуси йили Туркманистонда ваколатхонасини очиш режаси маълум қилинган.

XS
SM
MD
LG