Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:58

АҚШнинг махсус прокурори Манафортни тергов билан келишувни бузганликда айбламоқда


Пол Манафорт
Пол Манафорт

Дональд Трампнинг сайлов штаби собиқ раҳбари Пол Манафорт ўзини айбдор деб тан олгандан сўнг Федерал тергов бюроси ва махсус прокурор Роберт Мюллернинг ходимларини алдаган.26 ноябрь куни эълон қилинган суд ҳужжатларига кўра, Манафорт сентябрь ойида тергов билан қилган келишуви шартларини бузган.

Жумладан, Манафорт “турли масалалар”да ёлғон кўрсатма бериб, “қатор федерал жиноятларга қўл урган”, дея қайд этиб ўтилади ҳужжатларда.

Манафорт ёлғон гувоҳлик берганликда қўйилган айбловларни рад этаяпти. Унинг адвокатлари мижози ҳақиқий маълумотларни тақдим этгани ва айбловчи томоннинг тергов билан келишув шартларини бузганлик бўйича билдираётган хулосаларига қўшилмасликларини маълум қилишган.

Айни пайтда прокурорлар ва адвокатлар ҳукм чиқаришни кечиктиришга асос йўқлиги ҳақида бир хил фикр билдириб, суддан ҳукмни эълон қилиш санасини белгилашни сўрамоқда. Трамп сайловолди штабининг собиқ бошлиғини пул ювиш мақсадида тил бириктириш, АҚШ ҳукуматини алдаш, хорижлик агентларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва гувоҳларни сотиб олишда айблашмоқда.

Манафорт устидан суд Москва ва АҚШ президенти Дональд Трамп сайлов штаби ўртасида тахмин қилинаётган келишувни текшириш билан боғлиқ биринчи ҳолатдир. Уни махсус прокурор Роберт Мюллер олиб бормоқда. Александрияда (Виржиния) август ойида бўлиб ўтган суд жараёнида Манафорт бир қатор, жумладан, банк ва молиявий фирибгарлик жиноятларида айбдор деб топилганди. Сентябрь ойида эса Манафорт кутилмаганда айбловнинг иккита банди — АҚШга қарши жинояткорона тил бириктириш ва одил судлов ишига халақит беришда ўз айбини тан олганди.

XS
SM
MD
LG