Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2021, Тошкент вақти: 20:51

Тожикистонда бошқаларга қасддан ОИТВ юқтирганларга жазо кучайтирилди


Тожикистон парламенти ОИТВни (Орттирилган иммун тақчиллиги вируси) бошқаларга қасддан юқтирган шахсларга нисбатан жазо чораларини кучайтирди.

Сўнгги йилларда Тожикистонда жинсий алоқа орқали ОИТВ юқтириш ҳоллари кўпайиб, бир неча аёл ва эркак бу вирусни қасддан юқтиришда айбланиб жазога тортилган эди.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 28 ноябрь куни Жиноят кодексининг 138-, 139- ва 141- моддаларига ўзгартишлар киритиб, қасддан ОИТВ юқтирганларга нисбатан жазони кучайтирди.

Тожикистон парламентининг Қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Бахтовар Сафарзоданинг Озодликка айтишича, ОИТВга чалинган шахс жинсий зўравонлик қилса, унга нисбатан жазо оддий зўравонликка нисбатан кучлироқ бўлади.

“Агар жинсий зӯравонлик оқибатида аёлга тажовузкор эркак томонидан Одам иммун тақчиллиги вируси юқтирилса, тажовузкорга нисбатан жуда қаттиқ жазо қўлланади. Масалан, Жиноят кодексида жинсий зўравонлик учун 15 йилга қадар жазо кўрсатилган бўлса, бу жиноят ОИТВга чалиган шахс томонидан содир этилса, жазо 15 йилдан кўпроқ бўлади,” - деди Бахтовар Сафарзода.

Шу кунгача ОИТВни бошқаларга атайлаб юқтирган шахсга икки йилгача қамоқ жазоси қўлланар эди.

Масалан, жорий йил августида Шаҳритуз туман суди ўнга яқин эркакка ОИТВ юқтирган ёш аёлга фақат бир йил қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Икки фарзанднинг онаси бўлган бу 30 яшар аёл эридан ажрашгач, уйланмаган ёш йигитлар ва оилали бир эркак билан жинсий алоқада бўлган.

Шаҳртуз тумандаги ОИТВга қарши кураш маркази бўлими шифокори Сайидо Муртазоевнинг Озодликка айтишича, бу аёл 2014 йилдан бери мазкур марказ рўйхатида турган.

Ўтган ой 31 яшар йигит Душанбе шаҳрида 30 яшар аёл билан жинсий алоқада бўлган ва унга Одам иммун тақчиллиги вирусини юқтирган.

XS
SM
MD
LG