Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 23:19

АҚШ мудофаа вазири Мэттис Трамп билан «келиша олмагани» учун ишдан кетмоқда


Мудофаа вазири Жеймс Мэттис

АҚШ мудофаа вазири истеъфо сўраб, президентга ёзган мактубида баъзи масалалар, жумладан, Россия билан Хитойга нисбатан сиёсат юритишда Трамп билан тўлиқ “келиша олмагани” учун лавозимидан кетаётганини маълум қилди.

Трамп Твиттерда мудофаа вазири 2019 йил февралида истеъфога чиқиши ҳақида хабар қилгандан сўнг орадан кўп ўтмай Мэттис президент номига ёзилган хатида ўз қарорини изоҳлади.

АҚШнинг ҳам республикачи, ҳам демократ қонун чиқарувчилари Трамп маъмуриятининг қаттиққўл вакилларидан бирининг кетишидан хавотир изҳор қилди.

Демократ сенатор Чак Шумернинг журналистларга маълум қилишича, ушбу истеъфо АҚШ маъмуриятида “тартибсизлик” мавжудлигини англатади. Айни чоғда яқинда Вакиллар палатасига спикер бўлиши кутилаётган Ненси Пэлоси Мэттиснинг истеъфога чиқиш ҳақидаги хатини ўқиб, “ларзага тушгани”ни айтди.

Сенатнинг Разведка масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Марк Уорнер Мэттиснинг истеъфосини “даҳшат” деб атади. Унинг фикрича, мудофаа вазири “Трамп маъмуриятида ҳукм сураётган бошбошдоқлик ичидаги барқарорлик ороли эди”.

Трампнинг “Ислом давлати жангариларига қарши курашаётган” АҚШ қўшинларини Суриядан олиб чиқишни эълон қилиши АҚШ ҳарбий раҳбарларини ҳам, қонун чиқарувчиларини ҳам, ушбу мамлакатнинг халқаро иттифоқчиларини ҳам ҳайрон қолдирди, ҳаттоки жаҳлини чиқарди.

20 декабрда яна президент Афғонистондан ҳам анча-мунча қўшинларни олиб чиқмоқчи экани хусусида хабарлар ҳам пайдо бўлди. Трампнинг бу фикрига Мэттис қўшилмади.

Рейтернинг номини ошкор қилишни истамаган Оқ Уй ходимига иқтибосан маълум қилишича, Мэттис Трамп билан охирги учрашуви чоғида баъзи масалаларда фикри бир жойдан чиқмагани учун истеъфога чиқишини айтган.

Трампни демократлар ҳам, баъзи республикачилар ҳам Россияга нисбатан юмшоқ муносабатда бўлаётгани, НАТОга аъзо иттифоқчиларга эса керагидан ортиқ қаттиққўллик қилаётгани учун танқид қилиб келади.

68 яшар генерал Мэттис Трамп маъмуриятидаги энг бообрў амалдорлардан бири бўлиб, демократларнинг ҳам, республикачиларнинг ҳам мақтовига сазовор бўлган эди.

У истеъфо сўраб ёзган мактубида, “стратегик манфаатлари бизникига тескари бўлган мамлакатларга ёндашувимиз қатъий бўлиши кераклиги”ни қайд этди.

Трамп Твиттерда Мэттиснинг истеъфосини эълон қилар экан, уни мақтади ва янги мудофаа вазирининг исми тез орада эълон қилишини айтди.

Мэттис сўнгги пайтларда Трамп маъмуриятидан истеъфо бераётган ягона амалдор эмас. 7 ноябрь куни бош прокурор Жефф Сешнс лавозимини тарк этди. 9 октябрда АҚШнинг БМТдаги вакили Никки Ҳейли йил охирида ишдан кетишини билдирди.

Давлат котиби Рекс Тиллерсон президент билан келиша олмагани учун 13 мартда ишдан бўшатилди. Трамп кейинчалик Твиттерда у ҳақда “тошдан ҳам баттар аҳмоқ” ва “ўта ялқов”” деб ёзди. Олдинроқ Тиллерсон уни “интизомсиз” деб атаб, берилган материалларни ўқишни ёқтирмаслигини айтган эди.

XS
SM
MD
LG