Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

2018 йилда дунё бўйича 94 журналист ўлдирилди, энг кўпи – Афғонистонда


Ҳиндистонлик журналист Афғонистонда ўлдирилган ҳамкасбларига шам ёқмоқда
Ҳиндистонлик журналист Афғонистонда ўлдирилган ҳамкасбларига шам ёқмоқда

Халқаро журналистлар федерацияси (ХЖФ) маълум қилишича, 2018 йилда журналистларнинг ўз ишини бажараётган пайтда ўлдирилиш ҳоллари ортди. Ваҳоланки, сўнгги йилларда бу кўрсаткич анча-мунча камайган эди.

Ушбу хавфли рўйхатда Афғонистон ҳамон етакчилик қилиб келмоқда.

Халқаро журналистлар федерацияси (ХЖФ) 31 декабрда эълон қилинган йиллик ҳисоботида 2018 йилда 94 нафар журналист ва ОАВ ходими қасддан, бомба ҳужуми пайтида ўлдирилди ёки жанглар бўлаётган жойда ўққа учди.

Қароргоҳи Брюсселда жойлашган ташкилот хабарига кўра, 2017 йили 82 журналист ўлдирилгани ҳисобга олинса, бу йилги кўрсаткич анча баланд эканини кўриш мумкин.

Бу 2012 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Олти йил муқаддам ахборот воситалари ходимларидан 121 нафари нобуд бўлган эди.

ХЖФ 1990 йилдан бу борада бери йиллик ҳисоб-китоб юритиб келади.

2006 йили энг кўп – 155 нафар ОАВ ходими ўлдирилгани хабар қилинган эди.

2018 йили энг кўп – 16 нафар журналист Афғонистонда ўлдирилди.

Ундан кейин Мексикада 11 нафар, Яман ва Сурияда 8 нафардан журналист ҳалок бўлди.

Ўлганларнинг 9 нафари апрель ойида Кобулдаги худкушлик ҳужуми қурбони бўлган эди.

Яна икки нафари июнь ойида иккинчи бомба портлаши оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Улар Кобулдаги кураш ўқув марказидаги портлашни ёритиш учун шошилаётган чоғда иккинчи бомба портлатиб юборилган эди.

Журналистлар гувоҳ бўлгани учун ҳам нишонга олинади, − деди ХЖФ президенти Филипп Лерут Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига. – Бунинг оқибатида у ёки бу мамлакатда журналист ёки кўплаб журналистлар ўлдирилади ва у ерда ички цензура ортиб етади.

Қўшма Штатлар Сомали ва Покистон билан бирга 5 нафар журналист ўлими билан 6-ўринга чиқиб кетди.

28 июнь куни Мэриленд штатининг Аннаполис шаҳрида қуролланган киши "Capital Gazette" газетасининг хабарлар бўлимида 4 журналист ва савдо-сотиқ бўлими кичик ходимини отиб ўлдирди.

"Вашингтон Пост" газетаси мухбири ва АҚШда истиқомат қилаётган Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлди.

У Саудия Арабистони ҳукуматининг мухолифи эди.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг танқидчиси бўлган Қошиқчини 2 октябрда Саудиянинг Истанбулдаги консуллигида ушбу мамлакатдан келган каллакесарлар ўлдирди.

Саудия Арабистони ҳукумати валиаҳд шаҳзоданинг ушбу қотилликда қўли борлигини инкор қилди.

Бу эса халқаро жамоатчилик қоралашларига сабаб бўлди.

Жамол Хашогги таниқли арбоб эди, лекин энг ёмони – ҳар 10 ўлдирилган журналистдан 9 нафарининг қотиллари жазоланмай қолди, ‒ деди ХЖФ президенти Лерут.

ОАВ ходимлари ҳақларини ҳимоя қилувчи "Чегара билмас журналистлар" ташкилоти 18 декабрда 2018 йил бутун дунёда журналистларга нисбатан "мисли кўрилмаган" душманлик йили бўлганини маълум қилди

Жорий йилда ҳалок бўлган журналистларнинг ярмидан кўпи "атай нишонга олинди".

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг октябрь ойида тарқатилган ҳисоботидаги хулосага кўра, бутун дунёда сўнгги ўнйилликда 324 нафар журналистнинг "овози қотиллик йўли билан ўчирилди". Ўша ҳолатларнинг 85 фоизида қотиллар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмади.

XS
SM
MD
LG